"Tatar-inform" АА: Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун қулай маконга айланди
Июнь 12, 2025. 17:33 • 3 дақ
• 33
ҚОЗОН, 12 июнь. /"Дунё" АА/. Татаристоннинг "Tatar-inform" ахборот агентлиги "Ўзбекистоннинг "Олтин виза" дастури хорижий инвесторларни рағбатлаштириш йўлидаги навбатдаги қадам" сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда Дунё АА мухбири.
"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18 апрель куни қабул қилинган "Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида "Олтин виза" бериш ҳақида сўз борган, – дейилган мақолада. – Бу масала фармоннинг 26-бандида ўз ифодасини топган".
Ҳужжатга мувофиқ, инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида жорий йил 1 июндан бошлаб хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 250 минг АҚШ доллари ҳамда уларнинг ҳар бир оила аъзосига (турмуш ўртоғи, фарзанди ва ота-онаси) 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўловлар эвазига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси 5 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади.
Қайд этилганидек, "Олтин виза" дастури хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳуқуқий кафолатлар бериш, мамлакат сармоявий муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, бу мамлакат очиқлиги, капитални ҳимоя қилиш, барқарор халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.
"Таъкидлаш керакки, сўнгги саккиз йилда, халқаро майдондаги зиддиятларга қарамасдан очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юргизиш Ўзбекистоннинг жаҳон аренасидаги ташриф қоғозига айланди. Мамлакат, айниқса, хорижий инвесторлар учун қулай маконга айланди. Ўсиб бораётган иқтисодий салоҳияти билан ушбу йўналишда Ўзбекистон Марказий Осиёда энг жозибадор манзил ҳисобланади, десак хато бўлмайди", – деб ёзган муаллиф.
Албатта, хорижий инвесторларни ишончини қозониш учун уларга зарур шароитлар, имкониятлар ва имтиёзларни тадбиқ этилиши керак. Бундай ёндашув нафақат Ўзбекистонда балки бутун дунё тажрибасида мавжуд.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда, айниқса жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган глобал муаммолар фонида инвестиция учун бутун дунёда кураш кескинлашмоқда. Инвестор турган гапки, ўзига қулай шароит яратилган ва хавфсиз сармоявий муҳитга эга мамлакатни танлайди. Чунки, у сарфлаётган маблағини ишончли қонуний ҳимоясини кўришни хоҳлайди.
"Етти-саккиз йил аввал Ўзбекистонга инвестиция киритишга етакчи компаниялар иккинлангани рост. Бу сармоядорларнинг манфаатдорлик ҳуқуқи етарлича таъминланмаганидан далолат беради. Бироқ, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳитни яратиш бўйича туб ислоҳатлар амалга оширилди. Хусусий мулк эгалари, шу жумладан инвесторлар ҳуқуқлари кафолатлари янгиланди, улар ҳатто Ўзбекистон Бош қомусида ҳам янада мустаҳкамланди. Шунингдек, ўтган йилларда хорижий инвестицияларни рағбатлантиришга оид давлатимиз раҳбарининг қатор қарор ва фармонлари, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатлари қабул қилинди", – дейилган нашрда.
"Tatar-inform" ААга кўра, натижа ҳам узоқ куттиргани йўқ. Бугун Ўзбекистоннинг қайси гўшасига борманг, янги инвестициявий лойиҳалар ва қўшма корхоналарга дуч келасиз. Улар юрт равнақи, аҳоли фаровонлигини таъминлашга, янги иш ўринлари яратишга ва ижтимоий объектлар қурилишига хизмат қилаяпти.
"Шу аснода, мамлакатда давлат раҳбари ташаббуси билан таъсис этилган Тошкент халқаро инвестиция форуми халқаро миқёсда катта қизиқиш уйғотиб, анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон етакчиси ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгаши тузилган. Кенгашнинг асосий вазифалари муваффақиятли тажриба ва халқаро амалиётдан келиб чиқиб, мамлакатимизни инвестициявий, савдо-технологик ва инновациявий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маслаҳат бериш ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва хорижий инвесторлар ўртасида очиқ мулоқотни таъминлашдан иборат", – қайд этилган манбада.
2024 йил май ойида бўлиб ўтган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда кенгаш аъзоларининг қўллаб-қувватлаши орқали Ўзбекистон жадал ўсиш суръатларини намойиш қилишда давом этиши, халқимиз турмуш даражасини ошириши ва юртимиз фаровон келажагини таъминлашига ишонч билдирилди.
"Ўзбекистон Президенти Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида хорижий сармоядорларни қўллаб-қувватлаб, қуйидаги фикрларни билдирган эди. "Биз мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, бу йўлдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш учун қатъий қадамлар ташладик. Айнан шу боис ҳар бир сармоядор ўзини эркин ва ишончли ҳис қилиши учун кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошираяпмиз", – деб ёзилган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди