JETRO: Ўзбекистон IT соҳасидаги ютуқлари билан нафақат ички бозорда, балки халқаро ҳамкорлик учун ҳам катта имкониятлар яратмоқда
Апрель 28, 2025. 09:23 • 2 дақ
• 85
ТОКИО, 28 апрель. /"Дунё" АА/. Япония халқаро савдо ташкилоти (JETRO) медиа компаниясининг "The World Now: JETRO Global Eye" ахборот-таҳлилий дастурининг Ўзбекистонга бағишланган сони эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"The World Now: JETRO Global Eye" дастури JETRO томонидан Япония ва чет эл бозорлари ўртасидаги бизнесни ривожлантиришга қаратилган оммавий тарғибот дастуридир. Дастур асосан йирик корпорациялар, кичик ва ўрта корхоналарга ахборот бериш, бизнесни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган.
Таҳлилий дастурда Ўзбекистон сўнгги йилларда рақамли тараққиётга катта эътибор қаратаётгани таъкидланган. "Бу жараёнда IT соҳаси стратегик ривожланишнинг асосий йўналишлардан бири бўлиб, ёш ва иқтидорли мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Айниқса, Япония билан олиб борилаётган ҳамкорлик бунга яққол мисол бўла олади", – дейилган манбада.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда аҳолининг 60 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат. Бу рақам мамлакатда IT соҳасини ривожлантириш учун улкан имкониятларни яратади. Республика қуруқликда жойлашгани логистика соҳасида муаммолар яратсада, IT каби интернет орқали амалга ошириладиган соҳаларда бундай тўсиқлар деярли мавжуд эмас.
"2030 йилга келиб Японияда 800 мингга яқин IT мутахассиси етишмаслиги кутилмоқда. Ўзбекистон бу эҳтиёжни таъминлашга интилмоқда. Мамлакатдаги "Japan Digital University" олийгоҳида япон тили, маданияти ва касбий кўникмаларни ўргатишга ихтисослашган. Бу университет Япония компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган ва талабаларга икки томонлама диплом олиш имконини беради", – дея таъкидланган дастурда.
Маълум қилинишича, ўзбекистонлик талабалар Япония компанияларидан тўғридан-тўғри буюртмалар олиб, амалий тажриба тўпламоқда. Бу тажриба уларни Японияда ишлашга тайёрлашга хизмат қилади. Кўплаб талабалар амалиёт ва ишлаш учун Японияга келаяпти.
2019 йилда ташкил этилган IT-парк компанияларга солиқ имтиёзлари, инфратузилма ва бошқа кўмакларни таклиф этади. 2021 йилда 23 та бўлган хорижий компаниялар сони 2025 йилда 600 тага етди. Бу Ўзбекистоннинг аутсорсинг марказига айланиш йўлидаги катта ютуғидир.
"Ўзбекистон IT соҳасидаги ютуқлари билан нафақат ички бозор, балки халқаро ҳамкорлик учун ҳам катта имкониятлар яратмоқда. Япония билан олиб борилаётган ҳамкорлик, таълим ва аутсорсинг лойиҳалари бунга мисолдир. Бу жараёндаги изчиллик ва давлатнинг қўллаб-қувватлаши натижасида Ўзбекистон Марказий Осиёдаги IT марказига айланиши кутиляпти", – деб таъкидланган JETRO дастурида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди