Logo

"London Post": Расмий Тошкент ва Пекин ўртасидаги иттифоқ янги Евроосиёнинг асосий таянчларидан бирига айланди

Август 30, 2025. 10:57 • 2 дақ

66
"London Post": Расмий Тошкент ва Пекин ўртасидаги иттифоқ янги Евроосиёнинг асосий таянчларидан бирига айланди

ЛОНДОН, 30 август. /"Дунё" АА/. Британиянинг "London Post" янгиликлар порталида "Ўзбекистон ва Хитой: глобал ўзгаришлар даврида стратегик шериклик" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақола муқаддимасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик кейинги йилларда ҳар томонлама стратегик шериклик мақомига эга бўлгани таъкидланган.


"Олий даражадаги мунтазам алоқаларнинг ролини қайд этмаслик мумкин эмас, – деб ёзади муаллиф. – 2024 йил январь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Пекинда бўлиб, Хитой Раиси Си Цзиньпин билан учрашган эди. Ташриф давомида энергетика, саноат, гуманитар алоқаларни ривожлантиришга доир 40 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. 2025 йил ёзида икки давлат раҳбарлари Остона шаҳрида яна музокаралар ўтказди ва ўзаро ишончнинг мисли кўрилмаган даражасини таъкидлади".


Нашрда қайд этилганидек, ушбу ташрифлар тизимли мулоқотга асос солди. Ташқи ишлар вазирларининг стратегик маслаҳатлашувлари формати ишга туширилди, минтақалараро алмашинувлар сезиларли даражада фаоллашди. Шу тариқа, 2025 йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида иккинчи Ўзбекистон-Хитой минтақалараро форуми бўлиб ўтди ва бу икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик нафақат пойтахтлар билан чекланиб қолмаслиги, балки минтақаларга ҳам чуқур кириб боришини кўрсатди.


Британия электрон нашри ёзганидек, Хитой бир неча йиллардан бери Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори унвонини сақлаб келмоқда. 2023 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 13 миллиард доллардан ошган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 14 миллиард долларга етди. Келгуси йиллар учун мақсад 20 миллиард доллар ва ўсиш суръатларини ҳисобга олсак, бу натижага эриш мумкин.


Мамлакатда Хитой сармояси иштирокидаги 4 мингга яқин корхона мавжуд бўлиб, уларнинг 800 дан ортиғи ўтган йил давомида ташкил этилган.


Бундай динамикани Ўзбекистон инвестиция сиёсатидаги ислоҳотлар таъминламоқда. Кейинги йилларда солиқ имтиёзлари ва замонавий инфратузилмани тақдим этувчи 89 та эркин иқтисодий зона ва 700 га яқин турли форматдаги саноат майдончалари ташкил этилди. Бу инвесторлар олдидаги тўсиқларни камайтиради ва янги ишлаб чиқаришларни ишга туширишни тезлаштиради.


"Бугун биз ишонч билан айтишимиз мумкинки, Тошкент ва Пекин ўртасидаги иттифоқ янги Евроосиёнинг асосий таянчларидан бирига айланди. Бу ҳамкорлик бугунги куннинг прагматикаси билан чекланиб қолмайди – у глобал координаталар тизимида Марказий Осиёнинг келажагини белгиловчи стратегик векторни ташкил этади", – дея урғуланган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш