«Комсомольская правда» газетаси: Самарқанд ва Бухоро россиялик сайёҳлар орасида Ўзбекистондаги энг машҳур шаҳарлар
Октябрь 23, 2023. 12:35 • 2 дақ
• 125
МОСКВА, 23 октябрь. /«Дунё» АА/. Россиянинг оммабоп «Комсомольская правда» газетасида Самарқанд ва Бухоронинг сайёҳлик салоҳиятига бағишлаган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Нега россиялик сайёҳлар Ўзбекистонга тез-тез саёҳат қила бошладилар» сарлавҳа остида босилган мақола муаллифи Самарқанд ва Бухорога нима учун бориш кераклиги ҳақидаги саволни илгари сурган ва унга ўзи жавоб излашга ҳаракат қилган.
Унинг таъкидлашича, Самарқанд ва Бухоро россиялик сайёҳлар орасида Ўзбекистондаги энг машҳур шаҳарлардир. «Бу ерда саёҳат учун барча нарса бор, - деб ёзган журналист. – ушбу шаҳарлар ҳайратланарли даражада чиройли, ёрқин, фотогеник архитектура эга. Экзотик ва ўзига хос атмосфера, ва айни пайтда ҳеч қандай тил тўсиғи йўқ, ҳамма рус тилида ва хурсандчилик билан гапиради. Қадимги тарих - мактаб дарсликларидан таниш, аммо янги томондан очилади. Кўп қуёш, кўп палов, жуда кўп кашфиётлар».
Материалда Самарқанд ва Бухоронинг тарихий марказлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани маълум қилинган. «Ва қайси шаҳарга боришни танлашда ҳеч қандай тўсиқ йўқ: уларни бир саёҳатда бирлаштириш осон, - дея давом этади саёҳатчи мухбир. - «Афросиёб» тезюрар поездлари Самарқанд ва Бухорони бирлаштиради. Сиз бир соату қирқ дақиқада бир шаҳардан иккинчисига осон етиб оласиз. Айтганча, худди шу поезд Самарқандни Тошкент билан боғлайди. Тез орада эса юқори тезликдаги йўналиш Хивагача узайтирилади».
Манбада Ўзбекистонда таксиларга буюртма бериш хизматлари жуда қулайлиги ва нархлар ҳам ҳамёнбоп эканлиги таъкидланган.
«Қадимий Буюк ипак йўли бўйлаб турли мамлакатлардан келган савдогарлар Самарқанд билан бир қаторда Бухоро орқали ҳам ўтган. Шаҳар маркази эса Токи Заргарон, Токи Телпак Фурушон ва Токи Саррофон савдо гумбазларидир. 16 асрга оид дўконлар бугунги кунда ҳам ўз вазифасини бажармоқда. Бу ердан гиламлар, қоракўл мўйналари, зардўзи чопон ва дўппиларни топишингиз мумкин», - деб ёзган «Комсомольская правда».
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси