Мисрда Ўзбекистон Президентининг Қатарга ташрифи ва саммитда билдирган фикрлари кенг ёритилди
Ноябрь 08, 2025. 12:24 • 2 дақ
• 41
ҚОҲИРА, 8 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мисрнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва Ўзбекистон Президентининг Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммитидаги нутқи кенг ёритилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, "Сада ал-Балад" ахборот агентлиги "Ўзбекистон–Қатар: келажакка қаратилган стратегик шериклик" сарлавҳали мақолани ўз ўқувчиларига тақдим этди.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан амалий ташриф билан ушбу мамлакатга келди. Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммитида иштирок этди.
"Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Қатар дипломатик муносабатларни ўрнатишдан тортиб, сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ишонч, ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатларга асосланган кенг қамровли стратегик шерикликни шакллантиришгача бўлган йўлни босиб ўтди", – дейилади агентлик хабарида.
Шунингдек, "Дар ал-Ҳилол" АА сайтида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммитида сўзлаган нутқида камбағаллик ва ижтимоий тенгсизликка қарши курашда халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш ҳақида мақола эълон қилинди.
Унда қайд этилишича, Ўзбекистон Президенти ижтимоий тенгсизликни қисқартириш ва камбағалликка қарши курашишда "Глобал ижтимоий адолат жамғармаси"ни таъсис этиш ташаббусини илгари сурган. Бандлик муаммоларини самарали ҳал қилиш учун янги ва замонавий механизмларни жорий этиш зарурлигини таъкидлаган.
"Ўзбекистон раҳбари ҳукуматлар ва компанияларни ўз ходимларини ижтимоий шерик сифатида қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият беришга чақирган. Ижтимоий масъулият ва муносиб меҳнат шароити бўйича глобал ташаббусни ишлаб чиқишни таклиф қилиб, ижтимоий муаммоларни самарали ҳал этишда барча учун таълим олиш имкониятларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлаган", дейилади "Дар ал-Ҳилол" ААда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди