Logo

Польша ОАВ: Ўзбекистон ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини ўтказишга жиддий ҳозирлик кўрмоқда

Январ 28, 2025. 15:16 • 2 дақ

100
Польша ОАВ: Ўзбекистон ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини ўтказишга жиддий ҳозирлик кўрмоқда

ВАРШАВА, 28 январь. /"Дунё" АА/. Польшанинг "Талабалар янгиликлари гуруҳи" порталида "ЮНЕСКО Бош конференцияси 2025 йил Парижда эмас, Самарқандда бўлиб ўтади" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда жорий йил Ўзбекистоннинг тарихий Самарқанд шаҳри ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига мезбонлик қилиши ва мазкур анжуманга жиддий тайёргарлик кўрилаётгани маълум қилинган.

"Мазкур йирик халқаро тадбирга тайёргарлик доирасида 13 январь куни Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонасида тадбир ташкил этилди, – деб ёзилган порталда. – Унда Польша ишбилармон доиралари, маданият, фан, олий таълим вакиллари иштирок этди. Ўзбекистондан ҳам бир гуруҳ олий таълим соҳаси ходимлари қатнашди".

Ўзбекистон элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев меҳмонларга мазкур анжуманга кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида батафсил сўзлаб берди. "Элчи жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистоннинг қадимий шаҳри Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтишини маълум қилди", – дейилган мақолада.

"Бу шунчаки анжуман эмас, бу Ўзбекистон учун тарихий воқеа. Бош конференция доирасида 100 дан ортиқ юқори даражадаги тадбирлар бўлиб ўтади ва бу ЮНЕСКО билан ҳамкорлигимиз тарихидаги энг муҳим воқеалардан бирига айланади", – дея Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси раҳбари сўзларидан иқтибос келтирган портал.

Қайд этилганидек, ушбу муҳим воқеага ўтган йилдан буён тайёргарлик кўрилмоқда. 2024 йил март ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур халқаро форумга тайёргарлик кўриш тўғрисидаги қарорни имзолади. ЮНЕСКО Бош конференциясини ташкил этиш учун Бош вазир бошчилигида ташкилий қўмита тузилди.

 Тадбирда, шунингдек, Польша–Ўзбекистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларига эътибор қаратилди. Ўзбекистон Польшага Европадаги муҳим, истиқболли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қараши билдирилди.

Мақола "Анжуман давомида Польша вакиллари икки томонлама ҳамкорликнинг турли шаклларига оид масалалар бўйича ўз таклифларини билдирдилар", – деган сўзлар билан якунланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш