Ўзбекистон делегацияси Польшада бўлиб ўтган XII Халқаро Осиё конгрессида фахрий меҳмон сифатида иштирок этди
Май 26, 2025. 11:28 • 2 дақ
• 704
ТОРУНЬ, 26 май. /"Дунё" АА/. Польшанинг Торунь шаҳрида "Халқаро ҳамкорлик моделларининг хилма-хиллиги ва тасаввур қилинаётган келажак" шиори остида ўтказилган XII Халқаро Осиё конгрессида Ўзбекистон делегацияси фахрий меҳмон сифатида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Конгрессда 30 дан ориқ давлат дипломатик корпус вакиллари, Польша ҳукумати, хусусан, Ташқи ишлар вазирлиги, Тараққиёт ва технологиялар вазирлиги, Инвестициялар ва савдо агентлиги (PAIH), "Польша-Осиё" савдо палатаси, Куявия-Померания воеводлиги маршал идораси, Торунь шаҳар мэрияси раҳбарияти, ҳудудий савдо-саноат палатаси вакиллари ва бошқалар қатнашди. Ўзбекистон томонидан анжуманда элчихона вакиллари, "Тараққиёт стратегияси" маркази директори Элдор Туляков, Олий суд раиси ўринбосари, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Полвонов, шунингдек, ўзбек ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Марказий Осиёда Польша учун стратегик аҳамиятга эга бўлган истиқболли ҳамкор эканлигини алоҳида қайд этдилар. Жорий йил февраль ойида Тараққиёт ва технологиялар вазирлиги давлат котиби Михал Ярош раҳбарлигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилиши ва бизнес-форумда эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш устувор аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Конгресс иши доирасида "Ўзбекистон маданияти кунлари" ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг бой маданий мероси, тарихи, анъаналари ва миллий қадриятлари намойиш этилди. Ўзбек миллий куй ва қўшиқларининг ижроси Польша томонига катта таассурот қолдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Кенжи Ҳирата: Япония–Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга қадам қўймоқда
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот