Logo

Ўзбекистон олимлари Ҳиндистоннинг Гауҳати университетида буюк бобурий мутафаккир Доро Шукуҳ илмий меросига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этди

Ноябрь 19, 2025. 12:32 • 2 дақ

149
Ўзбекистон олимлари Ҳиндистоннинг Гауҳати университетида буюк бобурий мутафаккир Доро Шукуҳ илмий меросига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этди

ДЕҲЛИ, 19 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон олим ва тадқиқотчилари делегацияси Ҳиндистоннинг Ассам штатидаги Гауҳати университетида (Gauhati Universiy) ўтказилган халқаро илмий-амалий семинарда қатнашди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Семинар суфийлик таълимоти ва динлараро мулоқотнинг тинчлик ва ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятига бағишланди. Унда буюк бобурий мутафаккир Доро Шукуҳнинг диний тотувликка ёндашуви алоҳида таъкидланди.

Форумда Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори Ҳулкар Ҳамроева, Наманган давлат университети профессори Фарида Каримова, Қўқон давлат педагогика университети профессори Барно Абдураҳмонова, Урганч инновацион университети доценти Чарос Собирова, шунингдек, халқаро журналист ва таржимон Асрор Аллаёров маъруза қилди.

Мамлакатимиз вакилларининг Ўзбекистон ва Марказий Осиё маданий ва интеллектуал меросининг турли жиҳатларига бағишланган маърузалари конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Уларда минтақани Ҳиндистон билан боғлаб турувчи умумий маданий-маънавий илдизларга алоҳида урғу берилди.

Тадбир иштирокчилари бобурийлар сулоласи подшоҳи Шоҳжаҳоннинг тўнғич ўғли — атоқли мутафаккир ва сўфий олим шаҳзода Доро Шукуҳнинг илмий-маънавий мероси ҳақида сўз юритди.

Шунингдек ўқинг

Доро Шукуҳ ислом суфийлик таълимоти ва ҳинд маънавий анъаналари ўртасида ўзаро мувофиқлик нуқталарини топишга интилган китоблари билан машҳур. Унинг асосий асарларидан бири - «Мажма-ул-Баҳрайн» («Икки уммон туташган жой») динлар мулоқоти ва ғоялар уйғунлигининг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Олимлар Доро Шукуҳнинг динлараро мулоқотга бўлган ёндашуви, тотувлик ва ўзаро англашувга интилиши замонавий дунёда ниҳоятда долзарб бўлиб қолаётганини якдил таъкидлади. Унинг шахсияти маданият ва диндаги бирлаштирувчи тамойилнинг кучли рамзи бўлиб хизмат қилади.

Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари конференция ишини фаол ёритди. Нашрларда бундай форумлар Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги маданий-гуманитар ва академик алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.

Ислом илм-фани, маданияти ва суфийлик таълимотининг қадимий марказлари вакиллари бўлган ўзбек олимларининг анжумандаги фаол иштироки Доро Шукуҳ ғояларининг замонавий халқаро мулоқотдаги долзарблигини ёрқин ифода этгани қайд этилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясини ривожлантириш ва чуқур ўрганишга қўшган салмоқли ҳиссаси эътироф этилди.

Бундай мазмундаги мулоқотлар қўшма тадқиқот лойиҳалари, академик алмашинувлар, кўргазмалар ва маданий фестивалларни ташкил этиш учун янги имкониятларни очиб беради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш