Logo

Берлиндан муносабат: "Жиззах – 2025" бизнес-форуми Ўзбекистон-Германия иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам

Апрель 25, 2025. 18:06 • 2 дақ

362
Берлиндан муносабат: "Жиззах – 2025" бизнес-форуми Ўзбекистон-Германия иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам

БEРЛИН, 25 апрель. /"Дунё" АА/. "Халқаро бизнес-форум Жиззах – 2025" тадбирида иштирок этган Германия ишбилармон доиралари вакиллари "Дунё" АА учун интервьюсида мазкур анжуманнинг аҳамияти ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ҳақида тўхталдилар:

Ирина Юсупова, "Robert Bosch" компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари

– Компаниямиз Жиззах вилояти ҳамда у ердаги истиқболли лойиҳалар билан яқиндан танишиш мақсадида мазкур форумда иштирок этди. Вилоятнинг юқори иқтисодий салоҳияти тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлдик. Бизнес-форумда 30 та мамлакатдан 200 дан ортиқ компаниялар вакиллари иштирок этди. Бизни қизиқтирган барча саволларга жавоб олдик ва "B2B" учрашувлар ўтказдик.

Ўзбекистонда "Robert Bosch" компаниясининг ваколатхонаси фаолият юритмоқда. Асосан қурилиш соҳаси билан узвий боғлиқ иккита технологик йўналишда яъни иситиш ва совитиш ускуналари каби термотехника маҳсулотлари ҳамда қурилиш соҳасида махсус жиҳозлар етказиб бериш бўйича иш олиб боряпмиз. "Robert Bosch" компанияси билан ҳамкорликни кенгайтириш учун мамлакатда барча имкониятлар, ишчи кучи, хомашё ва айниқса хорижий компаниялар учун катта афзалликлар мавжуд. Ўйлайманки, келгусида компаниямиз Ўзбекистонга инвестиция киритиб, ўз корхонасини ишга туширса, икки томон учун ҳам жуда манфаатли бўлади.

Юлия Шаммасова, "Jet Team Consult" консалтинг компанияси раҳбари:

– Мазкур форум мен учун жуда самарали ўтганидан хурсандман. У бизга тадбиркорлар, туман ва шаҳарлар маъмуриятлари раҳбарлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш ва ҳамкорлик ўрнатиш учун катта замин яратди. Компаниямиз Германиянинг қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларига ихтисослашган йирик фирмалар билан бевосита ишлайди.

Мазкур форумда ҳам ушбу соҳалар бўйича Жиззах вилоятининг салоҳияти билан танишдик, қишлоқ хўжалигида тежамкор, атроф-муҳитга зарар келтирмайдиган технологияларни жорий этиш, чорва моллари учун озуқа ишлаб чиқариш, чиқинди газларни қайта ишлаш бўйича қатор лойиҳаларни таклиф қилдик ва молиялаштириш масалалари юзасидан фикр алмашдик. Анжуманда "DEVI", "Kronen", "econ trag", "InNoSol" ва "SICK Sensor Intelligenz" каби немис компанияларининг қишлоқ хўжалиги бўйича замонавий ечимлари ва лойиҳаларини тақдим этдик. Маҳаллий тадбиркорлар ва туман ҳокимлари билан юқоридаги соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдик.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш