Анталиядаги COP31 иқлим бўйича мажбуриятларни бажариш ва халқаро ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратади

Ноябрь 11, 2026. 08:10 • 5 дақ

• 16
Анталиядаги COP31 иқлим бўйича мажбуриятларни бажариш ва халқаро ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратади

ТОШКЕНТ, 11 ноябрь. /“Дунё” АА/ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Анталия шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) тадбирлари доирасидаги Бутунжаҳон етакчилар саммитида иштирок этиш учун икки кунлик амалий ташриф билан Туркияга борди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур глобал саммит Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған раислигида ўтказилади. Конференция дастуридан вазирлар мулоқотлари, бизнес-форумлар, ёшлар тадбирлари ҳамда иқлим кун тартибининг асосий йўналишлари бўйича мавзули сессиялар ўрин олган.

Конференция глобал иқлимий хатарларни муҳокама қилиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқиш учун давлатлар, халқаро ташкилотлар, бизнес доиралари ҳамда молия институтлари вакилларини бир майдонга жамлайди.

Сиёсий мажбуриятларни аниқ амалий ҳаракатларга айлантириш конференциянинг асосий устувор вазифаси бўлади. Кун тартиби марказида иқлимни молиялаштириш, иссиқхона газлари ташламаларини камайтириш, энергетик ўтиш, глобал исишга мослашиш ҳамда заиф давлатларни қўллаб-қувватлаш масалалари туради.

Глобал исишни 2°C дан анча паст даражада ушлаб туриш ҳамда 1,5°C даражасида чеклашга қаратилган Париж битимининг ижросига алоҳида эътибор қаратилиши кутилмоқда. Иқлимни молиялаштириш ҳамон энг мураккаб масалалардан бири сифатида қолмоқда.

Бокудаги COP29 саммитида давлатлар 2035 йилга қадар ривожланаётган мамлакатлар учун йилига камида 300 миллиард доллар сафарбар қилиш, давлат ва хусусий манбалардан жалб этиладиган умумий молиялаштириш ҳажмини 1,3 триллион долларгача етказишга келишиб олган эди.

Шу билан бирга, мамлакатлар давлат ва хусусий молиялаштириш, жумладан, грантлар ва имтиёзли кредитларнинг мақбул мутаносиблигини муҳокама қилишни давом эттирмоқда. Иқлим ўзгаришига мослашиш, ташламаларни камайтириш ва давлатлар ўртасида масъулиятни тақсимлаш масалалари ҳам диққат марказида қолмоқда.

Туркия раислиги COP31нинг ўнта устувор йўналишини белгилаб берди. Булар қаторига тоза энергетика, чиқиндилар ва метан миқдорини камайтириш, барқарор шаҳарлар, “яшил” саноатлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш ҳамда экотизимларни асраш масалалари ҳам киритилган. Миллий иқлим режаларини амалий натижаларга айлантира оладиган инвестициявий лойиҳаларни тайёрлашга алоҳида урғу берилган.

Иқлим музокаралари Марказий Осиё учун алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, минтақа ерларнинг жадал деградацияси, сув ресурсларининг қисқариши ва музликларнинг эриши муаммоларига дуч келмоқда.

Бразилиянинг Белен шаҳрида ўтган COP30да Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Марказий Осиёдаги ерларнинг 20 фоиздан ортиғи деградацияга учрагани, минтақада ўртача ҳарорат аллақачон 2,2°C га кўтарилганини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган сув миқдори қарийб икки бараварга қисқарган, минтақа музликлар ҳажмининг деярли 30 фоизини йўқотган.

Ушбу хатарларнинг кўлами минтақа мамлакатлари биргаликда, ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиши зарурлигини яққол кўрсатмоқда. Сув ресурсларини асраш, ерларни қайта тиклаш, биологик хилма-хилликни сақлаш ҳамда халқаро иқлимий молиялаштириш воситаларидан кенг фойдаланиш Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши учун муҳим экологик вазифага айланмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон халқаро иқлим жараёнларида бир неча ўн йиллардан буён фаол қатнашиб келмоқда. Мамлакат 1999 йилда Киото протоколи, 2018 йилда Париж битимини ратификация қилиб, БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенциясига аъзо бўлган. Ўтган давр мобайнида миллий иқлим сиёсати янги йўналишлар ва аниқ мақсадли кўрсаткичлар билан бойиди.

Хусусан, 2025 йилнинг ноябрида мамлакат Миллий миқёсда белгиланадиган учинчи ҳиссасини тақдим этиб, 2035 йилга бориб ЯИМ бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газларининг солиштирма ташламаларини 2010 йил даражасига нисбатан 50 фоизга камайтириш мажбуриятини олди.

Қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш – миллий устувор вазифалардан биридир. Келгуси беш йилда унинг ўрнатилган қувватини 25 минг МВтга, умумий ишлаб чиқаришдаги улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган. “Яшил макон” дастури доирасида ўрмон майдонларини 6,1 миллион гектар, жумладан, Оролбўйида 2,3 миллион гектарга етказиш кўзда тутилган.

Бокуда бўлиб ўтган COP29да Президент Шавкат Мирзиёев иқлим ўзгаришига қарши курашда глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сув ва генетик ресурсларни асраш, барқарор қишлоқ хўжалиги ҳамда шаҳарларни ривожлантириш, ёшларнинг “яшил” ташаббусларини илгари суришга йўналтирилган қатор муҳим халқаро ташаббусларни илгари сурган эди.

Хусусан, мамлакатимиз ўз иқтисодиётида “яшил” энергетика улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилиб қўйган ва 2050 йилга келиб иқлим бўйича мажбуриятларини янада кенгайтириш ниятида.

Ўзбекистон етакчиси анжуман чоғида электромобиллар ва “яшил” водород кластерлари, қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Президент минтақа мамлакатларининг Минтақавий иқлим стратегияси устида биргаликда иш олиб бораётгани ҳамда Европага “яшил” электр энергиясини етказиб бериш бўйича ташаббусини қайд этди.

Глобал экологик жамғарма (GEF) билан шериклик Ўзбекистон халқаро ҳамкорлигининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. 2026 йилнинг май–июнь ойларида Самарқанд ушбу жамғарманинг саккизинчи Ассамблеясига мезбонлик қилди ва унинг якунларига кўра Ўзбекистон илк бор донор давлатлар қаторига кирди. Бу мамлакатимизнинг халқаро экологик ҳамкорликдаги иштирокида янги босқични бошлаб берди.

БМТ тузилмалари билан биргаликда ишлаб чиқилаётган лойиҳалар ана шундай амалий ҳамкорликнинг узвий давомидир. GEFнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган тўққизинчи дастурий цикли доирасида БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) иштирокида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) билан ҳамкорликнинг яна бир йўналиши Марказий Осиёдаги қор қоплони ва тоғ экотизимларини асраб-авайлашга қаратилган. БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО) билан биргаликда энергия тежамкор совутиш тизимларини ривожлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Мазкур ташаббуслар бир йўла бир нечта муҳим соҳалар – биохилма-хилликни муҳофаза қилишдан тортиб энергиядан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига мослашишгача бўлган масалаларни қамраб олади.

Шундай қилиб, Бутунжаҳон етакчилари саммити глобал иқлим мажбуриятларини бажариш бўйича навбатдаги қадамларни белгилаш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим майдонга айланиши лозим.

Марказий Осиё учун қабул қилинаётган қарорларда минтақавий экологик таҳдидларнинг инобатга олиниши ғоят муҳим бўлса, Ўзбекистон учун мазкур конференция ўз ташаббусларини илгари суриш ва биргаликдаги ечимларни излашда шериклик алоқаларини кенгайтириш имконини беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш