Хитойда Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий зоналарига бағишланган тақдимоти ташкил этилди
Ноябрь 19, 2025. 14:40 • 2 дақ
• 235
ХАНЧЖОУ, 18 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ханчжоу шаҳрида Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти, эркин иқтисодий зона ва технопарклар фаолиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"BRICS Invest – Connectivity for a Smart Era" халқаро конференцияси доирасида ташкил этилган ушбу тадбир Хитойнинг Халқаро шартномалар уюшмаси ҳамда Чжецзян провинцияси Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказилди. Унда провинциянинг турли соҳаларда фаолият юритаётган 200 дан зиёд компания ва ташкилот вакиллари иштирок этди.
Тақдимот давомида Ўзбекистоннинг Шанхай Бош консулхонаси ходимлари иштирокчиларга "Навоий", "Ангрен", "Жиззах", "Ургут" ва бошқа эркин иқтисодий зоналар имкониятлари, уларда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ҳақида маълумот берди.
Дипломатларимизнинг фойда, мол-мулк, ижтимоий солиқлар ва бошқа турдаги тўловлардан 3–10 йилдан зиёд муддатга озод қилиш, соддалаштирилган солиқ режими, импорт қилинаётган хомашё ва асбоб-ускуналар учун божхона имтиёзлари бўйича берган маълумотлари хитойлик тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, тақдимотда Ўзбекистонда фармацевтика, электротехника, агросаноат ва IT каби йўналишларда ихтисослашган тармоқ ва минтақавий технопаркларни барпо этишга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу ёндашув аниқ бир саноат учун самарали экотизим яратиш, турли қиймат занжирларининг шаклланиши ва тезкор ривожланиши учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон эркин иқтисодий зоналари бугунги кунда фақат имтиёзларга эга ҳудуд эмас, балки саноатлаштириш жараёнларининг ҳаракатлантирувчи кучига, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва глобал қўшимча қиймат занжирларига интеграциялашувнинг муҳим воситасига айланмоқда. Шу билан бирга, хорижий инвесторлар учун тўлиқ шаффофлик, ҳуқуқларни кафолатли ҳимоя қилиш, лойиҳаларни амалга оширишнинг барча босқичларида кўмаклашувчи махсус институтлар фаолият юритмоқда.
Форум якунига кўра, Чжецзян провинциясидаги етакчи компаниялардан иборат бизнес-делегациянинг 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонга ташриф буюриши ва эркин иқтисодий зоналар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси