Жанубий Кореядан муносабат: "С5+1" саммити таълим ташкилотлари учун ҳам янги имконият яратмоқда
Ноябрь 11, 2025. 09:20 • 2 дақ
• 120
СЕУЛ, 11 ноябрь. /"Дунё" АА/. Жанубий Кореянинг "HY Education" компанияси раҳбари Чон Дэ Гун "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи ва Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг "С5+1" форматдаги саммитидаги иштироки ҳақида фикр билдирди:

– Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатда қабул қилган очиқлик, прагматизм ва минтақавий ҳамкорликка асосланган ёндашув ўз самарасини бермоқда. Бу сиёсий ташаббуслар мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини сезиларли оширди. Хусусан, Марказий Осиё давлатлари билан яқинлашув, Европа Иттифоқи, АҚШ, Япония ва Жанубий Корея каби давлатлар билан стратегик мулоқотларнинг кучайиши Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий салоҳиятини мустаҳкамламоқда.
Ўзбекистон Марказий Осиёда муҳим роль ўйнайдиган давлат эканини Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи ва Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг "С5+1" форматдаги саммитидаги иштироки яна бир бор исботлади. Ушбу ташриф мамлакат ташқи сиёсатининг янги босқичга кўтарилганини англатади.
Ташриф доирасида АҚШнинг йирик компаниялари билан энергетика, АКТ, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларида ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланди. Ўзбекистон етакчисининг АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари билан учрашув чоғида таълим соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, талабалар алмашинуви ва стипендия дастурларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бу келишувлар "HY Education" каби таълим ташкилотлари учун янги ҳамкорлик имкониятларини яратади. Бизнинг компания бу жараёнда фаол иштирок этиб, ўз дастурларини интеграциялаш имкониятига эга бўлади. Зеро, компаниямиз глобал истеъдодлар учун ечим платформасини яратмоқда. Ушбу платформа орқали кўплаб хорижий талабалар Жанубий Корея университетларида ўқиш ва ишлаш имкониятига эга бўлаяпти.
Менимча, ҳозирда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўзаро манфаатли – "win-win" ҳолатда жойлашган деб айтиш мумкин. Хусусан, Жанубий Корея бугунги кунда паст туғилиш даражаси ва шундан келиб чиқадиган турли ижтимоий муаммолар билан курашмоқда. Бунга қарама-қарши равишда, Ўзбекистон эса кучли ва фаол ёшларга эга мамлакат сифатида ажралиб туради. Шу омиллар асосида, икки давлат бир-бирини тўлдирувчи ҳамкорлик орқали ўзаро фойдали натижаларга эришиши мумкин, деб ҳисоблайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси