Logo

Польшадан муносабат: Малайзияга бўлиб ўтган олий даражадаги ташриф Ўзбекистоннинг АСЕАНдаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди

Февраль 08, 2025. 13:22 • 2 дақ

85
Польшадан муносабат: Малайзияга бўлиб ўтган олий даражадаги ташриф Ўзбекистоннинг АСЕАНдаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди

ВАРШАВА, 8 февраль. /"Дунё" АА/. Халқаро муносабатлар таҳлилий маркази президенти Малгожата Бониковска (Польша) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президентининг 4-5 февраль кунлари Малайзияга буюрган расмий ташрифи ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Малайзияга ташрифини Ўзбекистоннинг Осиёдаги ролини кучайтиришга қаратилган кенгроқ стратегия контекстида кўриб чиқиш керак. Чунки, Малайзия Жануби-Шарқий Осиёдаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётлардан бири ва АСЕАНнинг асосий аъзоси сифатида савдо ва сармоявий шерик сифатида катта қизиқиш уйғотади. Ўз навбатида, Бош вазир Анвар Иброҳим глобал иқтисодий ўзгаришлар ва минтақавий рақобат шароитида мамлакат ташқи иқтисодий алоқаларини диверсификация қилишга интилмоқда.


Геосиёсий нуқтаи назардан, ҳар икки давлат ҳам ўзига хос хавфсизлик муаммоларига дуч келмоқда, ушбу соҳадаги ҳамкорлик улар учун жуда  фойдали бўлиши мумкин. Шунингдек, ушбу ташриф Ўзбекистоннинг АСЕАНдаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Жануби-Шарқий Осиё билан алоқаларни чуқурлаштириш расмий Тошкентнинг иқтисодий ва дипломатик соҳаларда йирик давлатлар билан мувозанатли ташқи сиёсатга интилишини тасдиқлайди.


Бош вазир Анвар Иброҳимнинг Малайзиянинг халқаро масалаларда мустақиллигини ошириш ва глобал таъсирини кучайтиришга қаратилган сиёсати Ўзбекистоннинг Осиёдаги дипломатик иштирокини кенгайтиришга интилиши билан ҳамоҳангдир.


Умуман олганда, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг кучайиши Евроосиё ва Жануби-Шарқий Осиёнинг геосиёсий харитасини жиддий ўзгартиришга олиб келиши мумкин. Чунки, Марказий Осиё мамлакатлари янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга интилмоқда. Шу маънода мазкур ташриф Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий интеграциялашувининг бошланиши рамзи бўлиши мумкин.


Бундан ташқари, Ўзбекистон-Малайзия муносабатларининг мустаҳкамланиши ҳар икки давлатга БМТ, ШҲТ ва АСЕАН мулоқот платформалари каби халқаро ташкилотларда ўзаро манфаатларни илгари суриш учун қўшимча платформа яратади, деб ўйлайман.


Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, ташриф якунлари, Ўзбекистон ташқи сиёсатини диверсификация қилиш, Жануби-Шарқий Осиё билан иқтисодий, маданий ва дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларда муҳим босқич бўлди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш