ЮНЕСКО Бош конференциясининг 2025 йилдаги 43-сессиясининг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси нуфузини жаҳон миқёсида тарғиб қилишга хизмат қилади

Ноябрь 24, 2023. 08:00 • 5 дақ

• 1337
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 2025 йилдаги 43-сессиясининг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси нуфузини жаҳон миқёсида тарғиб қилишга хизмат қилади

ПАРИЖ, 24 ноябрь. /«Дунё» АА/. ЮНЕСКО Бош конференциясининг 2025 йилдаги 43-сессияси Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Бу ҳақдаги  қарор 7-22 ноябрь кунлари Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 42-сессияси якунлари бўйича бир овоздан қабул қилинди. Ушбу қарор Ўзбекистон учун катта дипломатик ютуқ бўлди, чунки ЮНЕСКО сўнгги 40 йил ичида биринчи марта ўз сессиясини бошқа давлат ҳудудида ўтказилишини эълон қилди.


Самарқанднинг ушбу жаҳон миқёсидаги тадбирни ўтказиш жойи сифатида танланиши мамлакатимизнинг маданият, фан ва таълим соҳасидаги ютуқлари ҳамда бой тарихий ва маданий меросининг  яққол эътирофи бўлди.


Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев барча хорижий дўстларимиз ва шерикларимизга ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда қадим Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарорни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.


«Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан барча хорижий дўстларимиз ва шерикларимизга ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда қадим Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарорни қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдираман, - деб ёзди давлатимиз раҳбари telegram каналида. - Минтақамизда биринчи марта ўтадиган ушбу муҳим глобал миқёсдаги тадбир халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг улкан цивилизацион салоҳиятини яна бир бор намойиш этишга хизмат қилади, деб ишонаман.


Ўз навбатида, Ўзбекистон бўлажак сессияни энг юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча кучини сафарбар этади».


 «Дунё» АА мухбири ЮНЕСКО Бош конференциясининг 42-сессиясининг айрим иштирокчилари билан суҳбатлашди.


 Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (АЙСЕСКО) ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий кузатувчилар миссиясининг алоқа бўйича офицери Сомия Жакта:


– АЙСЕСКОнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий кузатувчилар миссияси номидан Ўзбекистонни Самарқанд шаҳри 2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказиладиган жой этиб эълон қилингани билан самимий табриклайман. Шу кунларда Парижда бўлиб ўтаётган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 42-сессиясида мамлакатингиз делегацияси ташкилотнинг навбатдаги сессиясини Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон таклифини илгари суриш борасида катта ишларни амалга оширди. Натижада 2025 йилда ЮНЕСКО Ўзбекистонда тақдим этилади.


Мамлакатингизни ушбу ажойиб воқеа билан яна бир бор табриклайман.


Қирғизистоннинг  ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий вакили, элчи Содиқ Шер-Ниёз:


– Ўзбекистонни ушбу чинакам буюк ғалаба билан катта мамнуният ва қувонч билан табриклайман. ЮНЕСКО кўп йиллар давомида Париждаги штаб-квартирасидан ташқарида Бош конференция сессиясини ўтказмаган эди.


Шунингдек ўқинг

Ўйлайманки, бу нафақат Ўзбекистонга, балки яқин атрофдаги барча давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва бутун Марказий Осиё мамлакатларига катта туртки беради. Бу маданий-гуманитар, илмий-техникавий соҳаларни ривожлантириш учун илҳомлантирувчи салоҳият ҳамдир. Энди барча йўллар Самарқандга элтади.


Габоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий вакили, элчи Рэйчел Анник Огула Акико:


– ЮНЕСКО Бош конференцияси 42-сессиясининг навбатдаги, 43-сессияни Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги қарорини олқишлайман. Ўзбекистон катта давлат. ЮНЕСКО дунёга очиқ ташкилотдир. 2022 йил декабрь ойида ЮНЕСКО томонидан таълим бўйича халқаро конференция ташкил этилганида Самарқандга ташриф буюриш имконига эга бўлган эдим. Фахрий меҳмон сифатида менинг юртим Габон таклиф қилинди. ЮНЕСКО Бош конференциясининг навбатдаги сессияси ушбу гўзал шаҳарда бўлиб ўтаётганида Самарқандга иккинчи марта боришимдан жуда хурсандман.


   Қувайтнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий вакили, элчи Адам Аль Мулла:


– Ўзбекистон, унинг халқи ва ҳукуматини ушбу муҳим воқеа билан чин қалбимдан табриклайман. Ташкилотнинг барча давлатлари ва аъзолари Ўзбекистоннинг Бош конференциянинг навбатдаги 43-сессиясини 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Маълумки, 40 йил давомида Бош конференциянинг бирорта ҳам сессияси Париждан ташқарида ўтказилмаган. Самарқанд - бу кўп йиллик амалиётни бузиш учун ажойиб шаҳар.


Шубҳасиз, бу Ўзбекистоннинг таълим, маданият, ёшлар сиёсати, яъни ЮНЕСКО ваколатига кирган соҳалардаги ютуқларини намойиш этиш имконини берадиган улкан тадбир бўлади. Мазкур анжуман Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси нуфузини жаҳон миқёсида тарғиб қилишга хизмат қилади.


ЮНЕСКОга аъзо давлатлар жуда тўғри қарорга келганидан барчамиз хурсандмиз. Бош конференциянинг барча иштирокчилари юртингиз гўзаллиги ва халқингиз меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлиш учун Ўзбекистонга боришни интиқлик билан кутади.


Яна бир бор Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига табрикларимни йўллайман.


Руминиянинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий вакили, Бош конференциянинг 42-сессияси раиси, элчи Симона-Мирела Микулеску:


– Ўзбекистон халқи ва ҳукуматини ушбу тарихий муваффақият билан табриклашдан мамнунман. ЮНЕСКО Бош конференциясининг 42-сессиясига раислигим давомида ушбу муҳим қарор қабул қилинганидан жуда хурсандман. Шарқий европалик, руминиялик сифатида мен дунёнинг ушбу қисми қандай меҳмондўстлик кўрсатиши мумкинлигини бутун дунёга кўрсата олишимиздан фахрланаман. Айниқса, Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг тажрибаси, ушбу муҳим қарорга олиб келган бутун жараён мени ҳайратда солди. Улар кечаю кундуз ишладилар, дипломатлардек, мен ушбу жараённи қандай оғир кечганини биламан. Мен уларни чин юракдан табриклайман. Бу муваффақият глобал аҳамиятга эга. Ўзбекистон раҳбарияти, давлат ҳокимияти ва дипломатияси шунчаки ажойиб. Сизда Ўзбекистон нақадар гўзал эканлигини бутун дунёга кўрсатиш учун ажойиб имконият бор.


 Венесуэланинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий вакили, элчи Родульфо Ҳумберто Перес Эрнандес:


- Фурсатдан фойдаланиб, мен Венесуэла Боливар Республикаси номидан мурожаат қилмоқчиман. Ўзбекистон ҳукумати ва халқини ушбу фавқулодда ғалаба билан табриклайман. Бу воқеа бутун кўп қутбли дунё учун ҳақиқат онлари бўлиб, барча одамлар тенг ҳуқуқли эканлигини исботлади. Самарқандда кўришгунча! Ўзбекистонни ушбу ғалаба билан табриклаймиз! Менинг мамлакатим Венесуэла, сиз билан!

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш