Теҳрондан муносабат: Ўзбекистонда иқлим сиёсати бўйича давлат тизими шаклланмоқда

Ноябрь 14, 2026. 12:00 • 3 дақ

• 135
Теҳрондан муносабат: Ўзбекистонда иқлим сиёсати бўйича давлат тизими шаклланмоқда

ТЕҲРОН, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Эроннинг “Ala Tejarat Mahad Qabous” компанияси бошқаруви раиси Сулаймон Хивечи “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Анталияда бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасидаги Бутунжаҳон етакчилар саммитидаги иштироки хусусида фикр билдирди.

– Ўзбекистонда экология соҳасига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилади. Мамлакат етакчисининг ушбу анжумандаги иштироки халқаро нуфузни мустаҳкамлаш, шериклик алоқаларини кенгайтириш ва минтақавий ташаббусларни илгари суриш учун муҳим имкониятлар яратади. Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши бўйича кун тартиби Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Минтақавий ҳамкорлик бу борада алоҳида аҳамиятга эга. Сув ресурслари тақчиллиги, чўлланиш ва ерлар деградацияси Марказий Осиёнинг барча мамлакатларига, хусусан, Эронга ҳам дахлдордир. Ушбу хавф-хатарларга фақат давлатларнинг ўзаро келишилган ҳаракатлари орқалигина самарали ечим топиш мумкин.

Иқлим ўзгариши борасидаги Ўзбекистон ва Эрон ҳамкорлиги икки томонлама муносабатларнинг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳар икки давлат ҳам умумий экологик таҳдидлар – қурғоқчилик, сув танқислиги, ерларнинг деградацияси, ҳарорат кўтарилиши ва биологик хилма-хилликнинг қисқаришига дуч келмоқда.

Ўзбекистон ва Эрон қурғоқчил ҳамда ярим қурғоқчил минтақаларда жойлашгани сабабли, мамлакатларимиз иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини ривожлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарор иқтисодиётни шакллантиришдан манфаатдор.

Орол денгизининг қуриши оқибатлари, тупроқ шўрланиши, экотизимларнинг таназзулга учраши ҳамда Амударё ва Сирдарёнинг трансчегаравий сув ресурсларига тобелик Ўзбекистон учун катта муаммо саналади.

Шунингдек ўқинг

Эронда эса ерости сувлари захираларининг камайиши, Урмия кўли сатҳининг пасайиши, дарёлар ва сув ҳавзаларининг қуриши, қишлоқ хўжалигида меъёрдан ортиқ сув сарфланиши ҳамда аномал иссиқлик тўлқинларининг тез-тез такрорланиши энг жиддий муаммолар сирасига киради.

2022 йил 14 сентябрда имзоланган атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ўзаро англашув меморандуми ҳамкорлигимизнинг муҳим ҳуқуқий асосига айланди. Ушбу ҳужжат экология соҳасида икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Ўзбекистон ва Эроннинг иқлим сиёсати борасидаги ҳамкорлиги истиқболли, деб ҳисоблайман. Умумий экологик муаммолар икки давлатнинг илмий, технологик ва институционал имкониятларини бирлаштириш учун қулай шарт-шароит яратмоқда.

Келгусида умумий экологик мулоқотдан аниқ қўшма иқлим лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишга ўтиш муҳимдир. Бундай ташаббуслар аниқ муддатлар, молиялаштириш механизмлари ва эришиладиган натижаларни ўз ичига олиши лозим.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш