Покистон компанияси Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирди
Сентябрь 07, 2026. 22:30 • 2 дақ
• 36
ИСЛОМОБОД, 7 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев Карачи шаҳрига ташрифи давомида “Arif Habib Group” компанияси асосчиси ва бош директори Ариф Ҳабиб билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Покистон вакили Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ва мамлакатимизнинг минтақавий иқтисодий салоҳияти билан батафсил таништирилди.
Томонлар минерал ўғитлар ва кимё маҳсулотлари, энергия тежамкор қурилиш материаллари, металл конструкциялар ва саноат бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш каби йўналишларда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, турар жой ва кўп функцияли мажмуалар, логистика ва саноат парклари, меҳмонхона ҳамда туризм инфратузилмасини барпо этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Капитал бозорини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, хусусийлаштирилаётган ёки IPOга тайёрланаётган маҳаллий корхоналарни баҳолаш, уларга молиявий хизматлар кўрсатиш ва хорижий сармояларни жалб қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
— Ўзбекистондаги инвестиция муҳити хорижий инвесторларда, шу жумладан, Покистон бизнесида катта қизиқиш уйғотмоқда, — деди компания раҳбари Ариф Ҳабиб. — Биз Ўзбекистонга сармоя киритиш орқали Марказий Осиё бозорларига чиқиш имкониятларини ўрганаяпмиз. Компаниямизнинг кўчмас мулк соҳасида Карачи, Лаҳор ва Исломобод шаҳарларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси, шунингдек, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришдаги салоҳияти Ўзбекистон билан ҳамкорлик учун муҳим асос бўлиши мумкин.
Шунингдек, “Arif Habib Group” раҳбари Ўзбекистон фонд бозори, валюта операциялари, хусусийлаштириш жараёнлари ва ташкил этилаётган Тошкент халқаро молия маркази фаолиятига алоҳида қизиқиш билдирди.
Учрашув якунида “Arif Habib Group” делегациясининг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси