Улан-Баторда "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган махсус тақдимот бўлиб ўтди
Июнь 21, 2025. 08:00 • 3 дақ
• 91
УЛАН-БАТОР, 20 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси (қароргоҳи Пекин шаҳрида жойлашган) томонидан "Тараққиёт стратегияси" маркази билан биргаликда Мўғулистон пойтахтидаги Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар халқаро таҳлилий марказида "Ўзбекистон-2030" стратегиясининг тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Мўғулистоннинг етакчи илмий, академик, эксперт-таҳлил марказлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилганлар "Ўзбекистон-2030" стратегиясининг асосий мазмун-моҳияти ва аҳамияти, унда белгиланган мақсад ҳамда вазифалар билан атрофлича таништирилди.
Маърузаларда ушбу стратегия келгуси 7 йилда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий барқарор йўналишларини белгилаб берадиган муҳим ҳужжат сифатида, 5 та асосий йўналишда 100 та мақсадни амалга оширишга қаратилгани таъкидланди.
Стратегия мамлакатимизни барқарор ва инклюзив ўсишни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ўртача даромаддан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшишга қаратилган узоқ муддатли ривожланиш дастури эканлиги қайд этилди. Унда иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий соҳа, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа муҳим жиҳатларни қамраб олувчи қатор улкан мақсад ва вазифалар белгиланган.
Шунингдек, иштирокчиларга "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ҳам сўзлаб берилди.
Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар халқаро таҳлилий маркази директори Дамдин-Од Дулгун ўз нутқида тақдимот катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Унинг айтишича, "Ўзбекистон – 2030" стратегияси олтита асосий устувор йўналишни ўз ичига олади. Хусусан, барқарор иқтисодий ўсиш орқали ҳар бир инсоннинг салоҳиятини ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. У атроф-муҳит ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш, шунингдек, давлат бошқарувини халққа хизмат қилиш учун ташкил этишга қаратилган. Ҳукумат асосий эътиборни хавфсиз ва тинч давлат тамойилларига асосланган сиёсатни изчил амалга оширишга қаратади.
Дамдин-Од Дулгун, Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар халқаро таҳлилий маркази директори:
– Бугун Ўзбекистон элчихонаси ва "Тараққиёт стратегияси" маркази билан биргаликда "Ўзбекистон-2030" стратегиясига бағишланган тақдимот ўтказдик. Бугунги тадбир орқали, шубҳасиз, мамлакатингизни ривожлантиришга қаратилган муҳим давлат дастури бўлган ушбу стратегиянинг мақсадлари билан танишишга мушарраф бўлдик.
Марказимиз Ўзбекистон таҳлил институтлари ва марказлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакатлар учун транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, инфратузилма, автомобиль ва темир йўлларни қуриш жуда муҳим. Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳамкорлар билан махсус фонд яратиш устида ҳам ишлаяпмиз.
Хонгкео Соуксават, Лаоснинг Мўғулистондаги элчиси:
– "Ўзбекистон – 2030" стратегияси тақдимотида иштирок этиш менга катта мамнуният бағишлади. Кейинги йилларда Ўзбекистонда барча соҳаларни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Стратегия ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олади. Халқаро ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбекистон минтақанинг ўзаро боғлиқлигига катта аҳамият беради ва бундай ташаббуслар бутун Марказий Осиёнинг иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади.
Боргиль Суренхуу, Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар халқаро таҳлилий маркази эксперти:
– Ўзбекистон ва Мўғулистон халқлари кўп асрлик дўстлик тарихига эга бўлиб, бугунги кунда барқарор тараққиёт намоён этмоқда. Бунинг ёрқин мисоли бугунги тақдимотнинг ўтказилишидир.
Стратегия Ўзбекистон тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Унинг мақсадлари қаторига турли соҳалардаги ислоҳотлар, иқтисодий ўсиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимларини такомиллаштириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва давлат бошқарувини модернизация қилиш киради.
Ўзбекистон иқтисодиёти бугунги кунда ишончли ўсиш суръатларини кўрсатаётгани ҳайратланарли. Қисқа вақт ичида мамлакат катта муваффақиятларга эришди.
Ўзбекистон ва Мўғулистон иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чўлланишга қарши курашда ҳамкорлик қилиши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистонда "Яшил макон", Мўғулистонда эса "Миллард дарахт" каби дарахт экиш ташаббуслари ҳам амалга оширилмоқда.
Мамлакатингизга янада тараққиёт тилайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Кенжи Ҳирата: Япония–Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга қадам қўймоқда
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот