Logo

Варшавадан муносабат: Ўзбекистонда жадал ўзгаришлар ва тараққиётни кўраяпмиз

Май 03, 2024. 14:06 • 2 дақ

143
Варшавадан муносабат: Ўзбекистонда жадал ўзгаришлар ва тараққиётни кўраяпмиз

ВАРШАВА, 3 май. /"Дунё" АА/. Польша-Осиё савдо палатаси президенти Януш Пехочински "Дунё" АА учун интервьюсида пойтахтимизда ўтаётган III Тошкент халқаро инвестиция форумининг (TXИФ) аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:

— Ўтган йили ҳам ушбу муҳим тадбирда иштирок этиш шарафига муяссар бўлган эдим. Мамлакатингизда жадал ўзгаришлар ва тараққиётни кўряпмиз. Форум доирасида давлатингиз етакчиси раҳнамолигида тайёрланган Ўзбекистонни ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича комплекс дастур билан танишдик. Биз барчамиз ушбу дастурга Польша ва поляк бизнеси учун ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ажойиб имконият сифатида қараймиз.

Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари Польшага ва ундан кейин Европа Иттифоқига экспорти кўпайгани самарали ҳаракатларнинг ўзига хос мисолидир. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг компанияларимиз билан учрашувлари, ўзбек ишбилармонларининг Польшада ўтказиладиган тўқимачилик кўргазмаларида иштирок этиши тузилаётган шартномалар сонини сезиларли даражада оширмоқда. Польша Европа Иттифоқидаги ўзбек маҳсулотларини энг йирик импортчиси ва ўзбек компанияларининг Европа бозорига чиқиш марказига айланди.

Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Польшадан 30 та компания вакилларидан иборат бизнес миссияси билан иштирок этаяпмиз. Тошкентда расмий тадбирларни ўтказганимиздан сўнг Сурхондарё вилоятига борамиз ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон маҳсулотларини Европа бозорига экспорт қилишни кўпайтириш имкониятларини муҳокама қиламиз.

Жорий ташрифимиз доирасида "Польша-Осиё" Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида Варшава шаҳридаги ва Европа Иттифоқидаги энг йирик "GD Poland" кўргазма марказида тўқимачилик маҳсулотлари улгуржи савдоси бўйича шоу-рум очиш тўғрисида меморандум имзоланди. Ушбу марказга ҳар куни Европанинг 16 давлатидан 10-15 минг улгуржи харидор келади.

Тадбиркорлик ва бизнесни ўзгартириш бўйича Польша тажрибаси Ўзбекистон учун қишлоқ хўжалиги, қишлоқ хўжалиги технологиялари, озиқ-овқат саноати, ветеринария, энергетика ва қайта тикланувчан энергия манбаларини модернизация қилиш, ахборот технологиялари, электрон тижорат фаолияти соҳасида айниқса қўл келиши мумкин.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш