Бельгиядан муносабат: Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватламоқда
Январ 03, 2025. 18:21 • 2 дақ
• 267
БРЮССЕЛЬ, 4 январь /"Дунё" АА/. "Diplomatic World Institute" таҳлил маркази лойиҳа менежери Альберто Туркстра "Дунё" АА учун интервьюсида 2024 йилда икки томонлама ҳамкорлик йўналишида эришилган натижалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини сўзлаб берди:

— Йил охири яқинлашар экан, бу ортда қолган йилга назар ташлаш учун яхши имконият. 2024 йил, албатта, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик учун воқеаларга бой йил бўлди. Хусусан, икки томон дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги кенг нишонланди.
Таъкидлаш зарурки, бу даврда икки томонлама муносабатларда муҳим марралар ва ютуқларга эришилди. Йил давомида амалга оширилган кўплаб юқори даражадаги ташрифлар, икки томонлама муносабатларнинг юқори динамикаси, барча йўналишларда, жумладан, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда алоқаларнинг тобора ўсиб бораётгани фикримизни тасдиқлайди.
2024 йил Ўзбекистонда муҳим тадбир – Парламент сайловлари бўлиб ўтди ва биз унда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этдик. Ушбу сайловлар Ўзбекистондаги олиб борилаётган демократик жараёнлардаги муҳим қадам ва 2016 йилда бошланган кенг қамровли ислоҳотларнинг муҳим давоми бўлди. Мазкур ислоҳотлар парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг ролини кучайтириш, бошқарувда ошкоралик ва ҳисобдорликни, ҳокимият органларининг фуқаролар эҳтиёжларига жавоб беришини таъминлашга қаратилган.
Қўшимча қилиш керакки, Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишини фаол қўллаб-қувватламоқда. Иккала томон ҳам ҳозирги геосиёсий шароитда алоҳида аҳамиятга эга бўлган Транс-Каспий транспорт йўлагининг салоҳиятини қандай амалга оширишни ўрганмоқда. 2024 йил апрель ойида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида муҳим хомашё соҳасида барқарор қиймат занжирларини ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ишонаманки, 2025 йил икки томонлама ҳамкорликда ижобий воқеаларга бой бўлади ҳамда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатларни миқдорий ва сифат жиҳатидан янада юксалишига хизмат қилади.
Ушбу йилда муҳим тадбирлар, жумладан Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоланиши, Европа комиссияси ва Европа Кенгаши президентлари иштирокида ЕИ-Марказий Осиё етакчиларининг биринчи саммити, шунингдек, иқлим бўйича Самарқанд саммити бўлиб ўтади.
Ўзбекистон халқини янги йил билан табриклаб, барчангизга тинчлик, бахт-саодат ва доимий фаровонлик тилайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси