Душанбедан муносабат: Ўзбекистон иқлим дипломатиясида амалий натижаларга йўналтирилган ташаббусларни илгари сурмоқда

Ноябрь 13, 2026. 15:00 • 3 дақ

• 169
Душанбедан муносабат: Ўзбекистон иқлим дипломатиясида амалий натижаларга йўналтирилган ташаббусларни илгари сурмоқда

ДУШАНБЕ, 13 ноябрь. /“Дунё” АА/. Тожикистон Миллий фанлар академияси Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими Виктор Ким “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Анталияда бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасидаги Бутунжаҳон етакчилар саммитидаги иштироки хусусида фикр билдирди:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифининг асосий сиёсий аҳамияти Ўзбекистоннинг глобал иқлим муаммолари муҳокамасидаги фаол иштироки ҳамда бутун Марказий Осиё учун муҳим аҳамиятга эга ташаббусларни илгари суришида намоён бўлади.

БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси глобал экологик муаммоларни муҳокама қилиш учун халқаро майдон ҳисобланади. Мазкур анжуманда қатнашиш Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этади. Негаки, иқлим ўзгариши мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, сув ресурслари ҳолати, қишлоқ хўжалиги, энергетика хавфсизлиги ҳамда Оролбўйи ҳудудидаги экологик вазиятга бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, мавжуд хавф-хатарларнинг аксарияти трансчегаравий хусусиятга эга бўлиб, Марказий Осиё давлатларининг ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатларини талаб этади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томонидан COP31 майдонида илгари сурилган қатор ташаббуслар алоҳида эътиборга лойиқдир.

Ўзбекистон миллий павильонида Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатларининг иқлим ўзгариши шароитида аҳоли ҳаракати бўйича Ипак йўли декларацияси имзоланди. Мазкур тадбирда ҳар икки минтақа давлатлари вакиллари иштирок этди.

Ушбу ҳужжат иқлим омили сабаб юзага келадиган миграция масалаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш бўйича муштарак ёндашувларни ишлаб чиқиш учун минтақавий пойдевор вазифасини ўтайди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон томони Марказий Осиё давлатлари ва халқаро молия институтлари ўртасида “5+5” минтақавий иқлим мулоқоти форматини йўлга қўйишни таклиф этди. Бундай мулоқот майдони инвестициявий масалаларни келишиш, лойиҳалар портфелини мувофиқлаштириш ва иқлим молияси самарадорлигини ошириш имконини беради. Ушбу форматдаги илк учрашувни 2027 йилда Тошкентда ўтказиш таклиф этилди.

Иқлим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик бўйича Яшил иқлим жамғармаси ижрочи директори Мафальда Дуэрте билан учрашувда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва иқлим маблағларини жалб этиш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели 200 миллион доллардан ошганини таъкидладилар.

Хусусан, мулоқот чоғида Марказий Осиёда иқлимга чидамли ландшафтларни барпо этиш бўйича минтақавий дастур ва янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шу ўринда Ўзбекистон фақат экологик муаммоларни ўртага ташлаш билан чекланиб қолмаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Илгари сурилган ташаббусларда уларни амалий ҳамкорлик механизмларига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай ёндашув Ўзбекистон иқлим дипломатиясида амалий ҳаракатларга жиддий ёндашаётганидан далолат беради.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференциясидаги иштироки, биринчи навбатда, мамлакатнинг глобал иқлим кун тартибини шакллантириш жараёнига фаол киришиши ҳамда Марказий Осиёнинг умумий муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган ташаббусларни илгари суриши билан белгиланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш