Кристин Муттонен: Марказий Осиё ўз тараққиёт йўлини бирдамлик, ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида яратмоқда
Ноябрь 18, 2025. 20:31 • 2 дақ
• 69
ВЕНА, 24 ноябрь. /"Дунё" АА/. Австриянинг Европа тадқиқотлари ва хавфсизлик сиёсати институти вице-президенти Кристин Муттонен "Дунё" АА учун интервьюсида Тошкент шаҳри мезбонлик қилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувлари ҳақида фикр билдирди:

– Аввало, Ўзбекистон Президентининг минтақавий мулоқотни тиклаганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақа ҳамкорлиги тарихида туб бурилиш ясади. Минтақа етакчилари кўп йиллар мобайнида илк бор ташқи воситачиларсиз тизимли ва мунтазам мулоқотни амалга оширди. Минтақа етакчиларининг биргаликда ишлаб, муаммоларни имкониятларга айлантираётгани қувонарли ҳолдир.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган еттинчи Маслаҳат учрашувларида кўплаб йўналишлар қатори, аёллар ва ёшлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани аҳамиятга молик. Бу йўналишдаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши жамиятда хотин-қизларнинг ўрни ҳамда келажак авлодининг таълим-тарбиясини такомиллаштиришда жуда муҳим.
Чегара масалаларини ҳал этиш ва хавфсизлик бўйича ишончни мустаҳкамлашда Ўзбекистон раҳбарининг хизматларини алоҳида эътироф этиш зарур. Шавкат Мирзиёев даврида Ўзбекистон қўшнилар билан узоқ йиллик чегара масалаларини ҳал этиб, дўстона борди-келди алоқаларини қайта тиклади.
Жумладан, Қирғизистон ва Тожикистон билан аввалги зиддиятлар очиқ, тинч ва тотувлик билан бартараф этилди. Минтақа мамлакатлари ўзаро чегараларни ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириб, ўнлаб йиллар давомида кескинлик манбаи бўлиб келган масалага нуқта қўйилди.
Марказий Осиё мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини ўзаро ишонч ва прагматизмга асосланган ҳолда бирлаштириш бутун минтақа учун мустаҳкам иқтисодий пойдевор яратади. Қисқача қилиб айтганда, Марказий Осиё ўз тараққиёт йўлини бирдамлик, ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида яратмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси