Карлос Уриарте Санчес: Ўзбекистон ва Қозоғистон стратегик ва ишончли ҳамкорликнинг янги босқичини бошламоқда
Ноябрь 17, 2025. 22:19 • 2 дақ
• 131
МАДРИД, 17 ноябрь. /"Дунё" АА/. Испаниядаги Умумевропа Иттифоқи президенти Карлос Уриарте Санчес "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва кенг кўламли ҳамкорлик алоқалари ҳақида фикр билдирди:

– Икки давлат етакчилари ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада мустаҳкамлашга қаратилган музокаралар юксак даражада ташкил этилди. Томонлар геология, нодир ер металларини қазиб олиш, трансчегаравий дарёлар оқимини прогноз қилиш бўйича икки томонлама ишчи гуруҳларни тузиш тўғрисида қарорлар қабул қилди.
"Марказий Осиё" халқаро саноат кооперациясининг очилиши икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлайди. Қолаверса, икки давлат ўртасида амалга ошириладиган 1,3 миллиард долларлик қатор муҳим лойиҳалар ўзаро савдонинг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, кимё, геология, инфратузилма, логистика, агросаноат ва кўплаб бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олган Саноат кооперацияси дастури тайёрланиши ҳам мамлакатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик алоқаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Икки давлат етакчилари нафақат иқтисодий соҳадаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича, балки маданий, гуманитар, илм-фан, ёшлар келажаги борасида ҳам кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам фикр-мулоҳаза алмашганини таъкидлаш керак. Хусусан, фан ва таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алмашинувларни давом эттириш, олий таълим муассасалари ўртасидаги қўшма дастурларни кенгайтиришга келишиб олинди. Қўшма сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг тарихий қадамжолари, бой маданий ва маънавий меросини оммалаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, икки давлат ўртасидаги бундай нуфузли учрашувлар Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг азалий дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга, стратегик ва ишончли ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга замин яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси