Хитойдан муносабат: Марказий Осиё қайта уйғониш учун тарихий имконият яратмоқда
Ноябрь 19, 2025. 14:04 • 4 дақ
• 166
ПЕКИН, 20 ноябрь. /"Дунё" АА/. Хитойлик экспертлар "Дунё" АА учун Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашувининг аҳамияти ҳақида фикр билдирди:
"Марказий Осиё – Хитой" формати Котибияти Бош котиби Сунь Вэйдун:
- Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари механизми минтақа мамлакатлари учун бирдамликни мустаҳкамлаш, турли соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва устувор минтақавий кун тартибини илгари суришни мувофиқлаштириш учун муҳим майдондир.
Ўзбекистон халқи ва ҳукуматини ушбу учрашувнинг муваффақиятли ўтказилгани ва барча мамлакатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли эришилган муҳим натижалар билан табриклайман!
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамкорлик механизмлари ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, иқтисодий, савдо ва инвеститсиявий ҳамкорлик даражасини ошириш, минтақавий инфратузилма ва транспорт-логистика салоҳиятини мувофиқлаштирилган ҳолда ривожлантиришга кўмаклашиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, экология, иқлим ва сув муаммоларини ҳал этиш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё қайта тикланиш учун тарихий имконият очаётганини таъкидлади. У ўз нутқида халқаро ҳамжамиятга Марказий Осиёнинг турли соҳалардаги ривожланиш ютуқлари ва келажакдаги салоҳиятини, шунингдек, минтақанинг тинчлик ва барқарорликни сақлаш, умумий тараққиётга эришиш ва муаммоларни ҳал қилишда ҳамжиҳатлик билан ҳамкорлик қилишга бўлган қатъий қарорини намойиш этди.
Мазкур кўп томонлама ҳамкорлик ташаббуслари ва улар билан боғлиқ чора-тадбирлар ҳозирги кунга ва келажакка қаратилган бўлиб, Марказий Осиёнинг яқин 10-20 йиллик ривожланиш йўналишини белгилаб беради.
Айни пайтда Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни жадаллаштирмоқда, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик фаол суръатларни намоён этиб, ривожланишнинг тобора кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Ишончим комилки, Марказий Осиёнинг янада гуллаб-яшнаши минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун мустаҳкам иқтисодий асос ярата олди.
Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик Марказий Осиё мамлакатларининг узоқ муддатли тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев минтақавий хавфсизлик масалаларига катта эътибор қаратиб, Марказий Осиёнинг энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларини ривожлантириш доирасида Афғонистонни жалб этиш тарафдори эканини таъкидлади. Ушбу таклифлар конструктив бўлиб, Афғонистоннинг мустақил ривожланиш салоҳиятини мустаҳкамлашга, минтақада тинчлик ва осойишталикка ҳисса қўшишга ёрдам беради.
Ўзбекистон минтақавий ва халқаро жараёнларда фаол иштирок этиб, унинг нуфузи ошиб бормоқда. Минтақавий интеграция тезлашгани сари Марказий Осиё глобал ўзгаришларда муҳим кўприкка айланиши минтақа мамлакатларининг ривожланишдаги умумий манфаатларига жавоб беради ва "Хитой - Марказий Осиё" форматидаги ҳамкорликнинг чуқурлашишига хизмат қилади.
Ўтган ойда Хитой ўн беш йиллик режа лойиҳасини қабул қилди ва унда очиқликни юқори даражада кенгайтириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги манзарасини яратишда давом этиши тўғридан-тўғри қайд этилган. Бу эса Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида, айниқса, савдо, инвестициялар, энергетика, транспорт, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, "яшил" тараққиёт каби соҳаларда ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун янада кенг имкониятлар очади.
Бугунги кунда минтақавий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бир-бирига мос келиб, катта салоҳият ва кенг истиқболларга эга. Хитой ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари "Хитой - Марказий Осиё" иккинчи саммити якунларини эришилган консенсусни фаол амалга оширмоқда. Мамлакатларимиз юқори сифатли тараққиёт орқали умумий модернизация сари боради ва умумий тақдирга эга янада яқин ҳамжамиятни биргаликда барпо этади.
Хитой Халқ университети Миллий тараққиёт ва стратегия академияси вице-президенти Лю Сяогуан:
- Марказий Осиё изчиллик билан самарали ҳамкорлик майдонини шакллантирмоқда. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Тошкент учрашуви минтақавий жараёнларнинг институтсионал асосини мустаҳкамлайди.
Марказий Осиё мамлакатлари платформаларининг шаклланиши уларнинг биргаликда ривожланиш имкониятларини кучайтиради. Минтақа ўсиб бораётган етукликни намоён этмоқда, инфратузилма йўналишлари, савдо занжирлари ва энергетика лойиҳалари учун зарур бўлган барқарорлик асослари мустаҳкамланмоқда.
Хитой Халқ университети профессори У Юйчжан:
- Марказий Осиё минтақавий форматининг мустаҳкамланиши минтақа мамлакатларининг стратегик устувор йўналишларни биргаликда белгилаш қобилиятини оширади. Тошкент учрашуви давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ишончли хусусиятини кучайтирмоқда, бу эса ташқи ҳамкорлар учун ижобий сигнал сифатида баҳоланмоқда. Барқарор маслаҳатлашув механизмининг мавжудлиги транспорт йўлаклари, энергетика йўналишлари ва инвестиция лойиҳалари хавфсизлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Хитой Халқ университети ҳузуридаги Чуняннинг молиявий тадқиқотлар институти эксперти Фэн Юцзюнь:
- Маслаҳат учрашувларининг изчиллиги минтақавий ҳамкорликда янги суръат яратмоқда. Тошкент учрашуви ўзаро ишончни мустаҳкамлайди ва Марказий Осиё ташаббусларини Хитойнинг барқарор ривожланиш ва трансминтақавий боғлиқлик дастурлари билан уйғунлаштириш имкониятларини кучайтиради. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги барқарор ҳамкорлик эса Хитой билан янада чуқур стратегик мулоқот учун шароит яратмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси