Logo

Покистондан муносабат: Ўзбекистон Президентининг ТДТ норасмий саммитидаги нутқи стратегик таҳлилга асосланган, амалий ечимларга йўналтирилган ва ҳамкорлик борасидаги очиқ позицияларни қамраб олади

Май 25, 2025. 11:06 • 3 дақ

51
Покистондан муносабат: Ўзбекистон Президентининг ТДТ норасмий саммитидаги нутқи стратегик таҳлилга асосланган, амалий ечимларга йўналтирилган ва ҳамкорлик борасидаги очиқ позицияларни қамраб олади

ИСЛОМОБОД, 25 май. /"Дунё" АА/. Қуаид-и Аъзам университетининг сиёсат ва халқаро муносабатлар факультети декани, профессор Зафар Наваз Жаспал (Покистон) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 21 май куни Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитида сўзлаган нутқининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини баён қилди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитида сўзлаган нутқи ҳар томонлама ўйланган, конструктив ва амалий ёндашувга эга экани билан алоҳида эътиборга лойиқ.

Халқаро муносабатлар ва минтақавий хавфсизлик бўйича изланишларимга асосланиб айта оламанки, мазкур нутқда кўтарилган масалалар ва билдирилган ташаббуслар нафақат тркий дунё, балки кенгроқ Евроосиё минтақаси учун ҳам долзарб ва ўринли.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг глобал ва минтақавий муаммоларга, жумладан, Украина атрофидаги вазият, Ғазодаги зиддият ва Афғонистондаги мураккаб ҳолатга нисбатан билдирган тинчликпарвар ва халқаро ҳуқуққа таянадиган позицияси Покистон ташқи сиёсатининг асосий ёндашувларига ҳамоҳанг ҳисобланади.

Ғазо масаласида "икки халқ – икки давлат" тамойилини қўллаб-қувватлаши ва бу низога адолатли ечим излашга чақириши айниқса эътирофга лойиқ.

Шунингдек, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича билдирилган ташаббуслар, жумладан, "Турк-трейд" онлайн платформаси, савдони ошириш дастури, Транскаспий йўлагидан самарали фойдаланиш ва "яшил коридорлар" тизимини жорий этиш борасидаги таклифлар минтақавий иқтисодий интеграция учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Покистон бу каби инфратузилма ва логистика лойиҳаларининг геоиқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамиятини ўзининг Хитой-Покистон иқтисодий коридори доирасидаги тажрибасидан келиб чиққан ҳолда тўлиқ англаб етади ва шу каби умумий фаровонликка эришишга йўналтирилган ташаббусларни доимо қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон етакчисининг таълим ва илм-фан соҳасидаги ташаббуслари ҳам жуда муҳим. Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университетининг ташкил этилиши ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга, уларни замонавий билимлар билан "қуроллантиришга" хизмат қилиши шубҳасиз. Покистон ҳам Марказий Осиё давлатлари, кенгроқ кўламда эса туркий мамлакатлар билан таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга жиддий интилмоқда ва бундай ташаббуслар икки ҳамда кўп томонлама академик алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Покистон маданиятида Марказий Осиё туркий халқлари билан тарихий-маданий алмашувларнинг ўрни катта. Биз минтақавий боғлиқлик ташаббуси доирасида бу алоқаларни янада чуқурлаштириш устида ишламоқдамиз. Шу жиҳатдан Президент Шавкат Мирзиёевнинг туркий маданият ва тарихий меросни асраш, уни келгуси авлодларга етказиш борасидаги ёндашуви алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистоннинг Туркий маданият ва мерос жамғармасига аъзо бўлиши ҳамда ТУРКСОЙ фаолиятини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш бўйича билдирилган таклифлар туркий халқлар ўртасидаги маданий-руҳий яқинликни янада мустаҳкамлайди.

Қолаверса, иқлим ўзгариши ва қурғоқчилик каби глобал экологик муаммоларга қарши курашиш бўйича билдирилган ташаббуслар ҳам бугунги кун учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Қурғоқчиликнинг олдини олиш институтининг ташкил этилиши ва бу борада йўл харитаси ишлаб чиқиш таклифи барча минтақавий давлатлар, жумладан Покистон учун ҳам долзарбдир. Чунки бу муаммолар чегара билмас ҳолда бутун минтақани қамраб олмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи стратегик таҳлилга асосланган, амалий ечимларга йўналтирилган ва ҳамкорлик борасидаги очиқ позицияларни қамраб олади. Унинг ташаббуслари Туркий давлатлар ташкилотининг кучайиши, унинг халқаро миқёсда таъсирчан ташкилот сифатида шаклланишига хизмат қилади. Покистон эксперт доиралари бу жараёнларни диққат билан кузатиб бормоқда ҳамда туркий давлатлар билан турли соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш борасидаги таклифларни ишлаб чиқишда ушбу ташаббусларни албатта чуқур таҳлилдан ўтказади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш