Logo

Покистондан муносабат: Ўзбекистон минтақалараро мулоқотнинг боғловчи ҳалқаси ва фаол модераторига айланмоқда

Май 17, 2025. 11:02 • 2 дақ

86
Покистондан муносабат: Ўзбекистон минтақалараро мулоқотнинг боғловчи ҳалқаси ва фаол модераторига айланмоқда

ИСЛОМОБОД, 17 май. /"Дунё" АА/. Покистоннинг Кветта шаҳри Савдо-саноат палатаси вице-президенти Мирвайс Хан Какар "Дунё" АА учун интервьюсида 19 май куни Термизда бошланадиган "Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш" мавзусидаги Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Ушбу форум икки муҳим макроминтақа – Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдек устувор вазифага бағишланган.

Термиз ўзининг ноёб тарихий-маданий мероси билан яна бир бор цивилизацияларни боғловчи муҳим халқа эканини тасдиқламоқда ва минтақада иқтисодий дипломатия, туризмни ривожлантириш ҳамда халқ дипломатиясини мустаҳкамлашнинг муҳим драйверига айланиши мумкин.

Термиз мулоқоти бугунги глобал муаммолар ва беқарорлик кучайиб бораётган шароитда ўтказилаётгани долзарб аҳамият касб этади. У Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун ўхшаши йўқ платформа бўлиб, барқарор иқтисодий ўсиш, хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий барқарорликни сақлаш учун жуда муҳим ҳисобланади. Бугун, ҳар қачонгидан ҳам кўра, очиқ мулоқот ва давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга эҳтиёж мавжуд.

Марказий ва Жанубий Осиё иқтисодий ва гуманитар муаммоларни биргаликда енгиш борасида ҳамкорлар, бир-бирини қўллаб-қувватловчи шериклар сифатида фаолият юритиши лозим. Бу умумий иқтисодий хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва минтақалараро боғлиқликнинг асосий омилидир.

Марказий Осиёда консолидация ва конструктив мулоқотга оид ижобий тенденциялар кузатилмоқда. Мазкур жараёнлар Жанубий Осиё билан минтақалараро ҳамкорликни, айниқса, савдо, логистика ва маданият каби стратегик муҳим соҳаларда янада ривожлантириш учун қулай пойдевор яратяпти.

Албатта, Ўзбекистоннинг етакчи ролини алоҳида таъкидлаш керак. Мамлакат интеграцион жараёнларнинг ташаббускори сифатида фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзловчи ташаббуслари натижасида минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун стратегик асос яратилган. Келажакда Ўзбекистон минтақалараро мулоқотнинг боғловчи ҳалқаси ва фаол модераторига айланиши мумкин.

Минтақаларимизнинг иқтисодий салоҳияти улкан. Ялпи миллий маҳсулот ҳажми ва аҳоли сонини инобатга олган ҳолда, савдо тўсиқларини бартараф этиш, савдо жараёнларини соддалаштириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва инфратузилма лойиҳаларига сармоя киритиш жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Айниқса, рақамли интеграция ва кичик ҳамда ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

"CASA-1000", "TAPI" ва Трансафғон темир йўли каби йирик инфратузилмавий лойиҳалар ўзаро боғлиқликнинг амалий рамзидир. Ушбу лойиҳалар барқарор энергетика, логистик алоқалар ва давлатлар ўртасида сиёсий ишончни чуқурлаштиришни таъминлайди.

Ушбу форумнинг муҳимлигини инобатга олган ҳолда, Покистон мазкур тадбирда нуфузли делегация билан иштирок этади. Бу мамлакатимизнинг Ўзбекистон билан барча йўналишларда стратегик муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, икки минтақа ўртасидаги интеграцион жараёнларда фаол иштирок этиш истагини англатади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш