Покистондан муносабат: Ўзаро боғлиқлик Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг глобал ва минтақавий муаммоларга нисбатан жамоавий бардошлилигини мустаҳкамлайди
Май 20, 2025. 01:01 • 2 дақ
• 68
ИСЛОМОБОД, 20 май. /"Дунё" АА/. Исломобод стратегик тадқиқотлар институтининг Афғонистон, Яқин Шарқ ва Африка бўйича маркази директори Амина Хан "Дунё" АА учун интервьюсида Термиз шаҳрида бошланган "Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш" мавзусига бағишланган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Глобал инқирозлар шароитида минтақалар ўртасидаги боғлиқлик, ҳамкорлик ва ўзаро ишонч давлатлар хавфсизлиги ҳамда барқарорлигини таъминлашда муҳим устунларга айланмоқда. Шу маънода, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бу борада алоҳида аҳамият касб этади.
Ушбу ҳамкорлик платформасида Афғонистон муҳим роль ўйнайди. Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасида жойлашган Афғонистон ушбу минтақаларни боғловчи марказ, транзит ҳудуди сифатида ҳаракат қилиши, шунингдек, барча йўналишларда янгича ва янада кенгроқ алоқалар учун кўприк вазифасини бажариши мумкин. Минтақадаги кўплаб мамлакатлар ички муаммолар, хусусан, иқтисодий қийинчиликлар ва энергия инқирози билан юзма-юз турган бир пайтда, минтақавий алоқаларни чуқурлаштириш тобора долзарб бўлиб бормоқда.
Бунга эришиш учун мамлакатлар ўртасидаги савдо ва транспорт алоқаларини кучайтириш зарур. Бу эса ўзаро иқтисодий боғлиқликни юзага келтиради. Ўзаро боғлиқлик эса барқарорликни таъминловчи кучга айланиб, можаролар хавфини камайтиради, узоқ муддатли тинчлик ҳамда фаровонликка замин яратади. Ўзаро яқин ҳамкорлик Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг глобал ва минтақавий муаммоларга нисбатан жамоавий бардошлилигини мустаҳкамлашга замин яратади.
Афғонистоннинг Жанубий ва Марказий Осиё чорраҳасида жойлашган стратегик мавқеи уни минтақавий иқтисодий интеграция ва боғлиқликни кучайтиришда муҳим ўрин эгалловчи давлатга айлантиради. Унинг географик жойлашуви Жанубий ва Марказий Осиё каби икки муҳим минтақани боғлаш имконини беради, кенгроқ иқтисодий алмашинувлар ва кучлироқ боғлиқликни жадаллаштиришга хизмат қилади.
Кенг қамровли "Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасида Афғонистон икки муҳим йўналиш – Хитой-Покистон иқтисодий коридори ва Хитой-Марказий Осиё-Ғарбий Осиё коридорини ўзаро боғловчи кўприк бўлиши мумкин. Ушбу лойиҳалар нафақат минтақавий савдони кучайтиради, балки иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш учун платформа вазифасини ҳам бажаради.
Афғонистоннинг роли фақат минтақавий савдо билан чекланмайди. Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистонни боғловчи Трансафғон темирйўли ҳамда Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (TAPI) газ қувури каби ташаббуслар энергия ва инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш орқали минтақавий барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш имконини беради.
Энди минтақа бирдамлик кўрсатиши, ўз тараққиётига эгалик қилиши, минтақа барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган энергия ва савдо йўлларини жадал ривожлантиришга эътибор қаратиши вақти келди. Афғонистон ушбу йўналишларнинг тўлиқ салоҳиятини рўёбга чиқаришда марказий ўринни эгаллайди. Унинг стратегик жойлашувидан барча иштирокчи давлатлар учун умумий фаровон келажакни таъминлаш йўлида тўлиқ фойдаланиш лозим.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Кенжи Ҳирата: Япония–Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга қадам қўймоқда
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот