Ўзбекистон ва Покистон инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди
Июнь 19, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 95
ИСЛОМОБОД, 19 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Инвестицияларни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус кенгаши (SIFC) бош директори Асад ур Раҳмон Афзал Чима билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, инвестициявий шерикликни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳалар сонини кўпайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Ўзбекистонда покистонлик инвесторлар иштирокида саноат, қишлоқ хўжалиги, логистика ва инфратузилма соҳаларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Асад ур Раҳмон Афзал Чима Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолади. У мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, хорижий сармоядорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларига мақсадли инвестицияларни жалб этиш борасида олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар самара бераётганини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестиция сиёсати ва иқтисодий трансформация соҳасида тўплаган амалий тажрибаси Покистон учун ҳам муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Мазкур йўналишда тажриба алмашиш ва институционал ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги билдирилди.
Қишлоқ хўжалиги, айниқса чорвачилик соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Покистондан Ўзбекистонга тирик чорва молларини импорт қилиш, наслчиликни ривожлантириш, ветеринария соҳасида тажриба алмашиш ва ушбу йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари музокараларнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Навоий вилоятлари ҳамда Покистон провинциялари ўртасида тўғридан-тўғри савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни йўлга қўйишнинг муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, юк ташиш жараёнларида юзага келаётган айрим транзит муаммоларини бартараф этиш ва мавжуд транспорт йўлакларидан самарали фойдаланишга доир таклифлар кўриб чиқилди.
Покистон томони Карачи шаҳрида махсус саноат зоналари ташкил этилганини маълум қилди. Мазкур ҳудудларда ўзбекистонлик инвесторлар учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди ва улар истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қилинди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар икки мамлакатнинг инвестициявий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда рўёбга чиқариш борасида мулоқотни изчил давом эттиришга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси