Душанбедан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Грузияга ташрифи Евроосиёда янги геоиқтисодий архитектурани барпо этишдир

Июль 04, 2026. 15:30 • 3 дақ

46
Душанбедан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Грузияга ташрифи Евроосиёда янги геоиқтисодий архитектурани барпо этишдир

ДУШАНБЕ, 4 июль. /“Дунё” АА/. Тожикистон Миллий фанлар академияси Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими Виктор Ким “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2–3 июль кунлари Грузияга амалга оширган давлат ташрифи юзасидан фикр билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2–3 июль кунлари Грузияга амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат муносабатлари тарихида муҳим сиёсий воқеа сифатида қайд этилди. Бу воқеа натижалари нафақат икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон–Грузия алоқаларини Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларини боғловчи муҳим трансконтинентал иқтисодий йўлакка айлантириш имкониятини яратмоқда.

Ўзбекистон раҳбарининг Грузияга илк давлат ташрифи икки мамлакатнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга бўлган қатъий интилишини намоён этди. Ушбу ташрифни икки давлат муносабатларининг келгуси ўн йилликлардаги ривожланиш йўналишини белгилаб берувчи тарихий қадам, деб баҳолаш мумкин.

Бу жараённинг муҳим асоси 2025 йил март ойида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзенинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида яратилган эди. Агар ўша ташриф амалий ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор қўйган бўлса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи мазкур муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилди.

Мазкур воқеага фақат икки давлат ўртасидаги навбатдаги расмий учрашув сифатида эмас, балки Марказий Осиёнинг геоиқтисодий аҳамиятини оширишга қаратилган кенг қамровли стратегиянинг муҳим қисми сифатида қараш лозим. Ўзбекистоннинг Грузия билан ҳамкорлиги Марказий Осиё мамлакатлари учун Қора денгиз портларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради ва минтақани халқаро денгиз савдоси тизимига янада чуқур интеграциялашга хизмат қилади.

Грузия бу жараёнда алоҳида ўрин тутади. У Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган энг муҳим транспорт ва логистика марказларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, Грузия Транскаспий халқаро транспорт йўлаги – “Ўрта йўлак”нинг асосий бўғини сифатида хавфсиз, замонавий ва самарали логистика инфратузилмасига эга.

Шунингдек ўқинг

Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бормоқда. Бу жараён иқтисодиёт, транспорт, савдо, инвестициялар ва саноат кооперацияси соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар очмоқда. Хусусан, рақамли логистика тизимини жорий этиш, ҳужжат айланишини соддалаштириш, юк ташиш муддатини қисқартириш, шунингдек, экспорт-импорт операциялари учун қулай тариф механизмларини ишлаб чиқиш каби ташаббуслар икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаши мумкин.

Ташриф доирасида Грузия Президенти Михаил Кавелашвили томонидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Грузиянинг олий давлат мукофоти – “Олтин мўйна” ордени топширилгани ҳам икки давлат ўртасидаги юксак ишонч ва ўзаро ҳурматнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Умуман олганда, мазкур давлат ташрифи Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Энг муҳими, у “Марказий Осиё – Жанубий Кавказ” ҳамкорлик маконини шакллантириш, Евроосиёда янги транспорт-логистика ва геоиқтисодий архитектурани барпо этиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақа тараққиёти учун стратегик аҳамиятга эга тарихий воқеадир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш