Буюк Британиядан муносабат: Марказий Осиё - келажакка ишонч билан интилаётган, ҳамкорликка ва инновацияларга тайёр бўлган барқарор минтақадир
Ноябрь 18, 2025. 14:17 • 3 дақ
• 137
ЛОНДОН, 26 июль. /"Дунё" АА/. Халқаро ҳуқуқшунос, глобал бошқарув ва иқлим масалалари бўйича фаол, Британия империяси ордени соҳибаси Зехра Заиди "Дунё" АА учун берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шиддатли геосиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар даврида Марказий Осиёнинг ўрнига бағишланган мақоласи юзасидан фикрларини билдирди:

- Ўзбекистон Президентининг минтақавий бирдамлик зарурлиги ҳақидаги фикрларини юксак баҳолайман. Жорий йил апрель ойида Самарқандда ўтган Иқлим форумида иштирок этар эканман, бу бирдамликни амалда кўрдим. Марказий Осиёнинг беш давлати трансмиллий хусусиятга эга бўлган бир қатор умумий муаммоларга duch келмоқда ва айнан бирдамлик куч ва барқарорлик манбаи ҳисобланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, минтақага хос ишонч ва ўзаро ҳурмат муҳити, шунингдек, турли геосиёсий блоклар билан мувозанатли ва конструктив муносабатларни юритиш амалиёти, кескин геосиёсий парчаланиш шароитида "C5" давлатларини ишончли ва барқарор ҳамкор сифатида намоён этмоқда.
Барқарорлик – инвестициялар учун қўшимча устуворлик бўлиб, уни камситиш мумкин эмас. Барқарор муҳит инвестицияни жалб қилади, инвестиция эса халқлар фаровонлиги ва инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади. Трансмиллий ёндашувни талаб қилувчи муҳим масалалар қаторига савдо, минтақавий қиймат занжирлари ва транзит тармоқларини кенгайтириш киради. Марказий Осиё савдо ва инвестициялар учун ишончли ва қулай ҳамкорга айланиши мумкин.
Марказий Осиё тараққиётининг ҳал қилувчи босқичида турибди ва улкан стратегик минерал захираларига эга. Бироқ ташқи инвестициялар фақат хомашё қазиб олишга эмас, балки тўлиқ қиймат занжирига – маҳаллий қайта ишлаш, атроф-муҳитга хизмат қиладиган тоза технологиялар, таълим ва ижтимоий хизматлар ривожланишига йўналтирилиши керак. Иқтисодий ўсиш сунъий интеллект, технологиялар, таълим ва давлат хизматларидаги ютуқлар билан ҳамоҳанг бўлиши зарур. Мазкур мақсадларга умумий овоз билан, бирдам ҳаракат қилган ҳолда ва шу билан бирга минтақавий хилма-хилликни ҳурмат қилган ҳолда эришиш осонроқ бўлади.
Мен Марказий Осиёни барқарорлик рамзи, келажакка ишонч, динамика, ҳамкорликка содиқлик ва янгича тафаккур билан ҳаракат қилаётган минтақа сифатида кўраман. Барқарор ривожланиш масалалари бўйича Марказий Осиёлик ҳамкасблар билан ҳамкорлик қилишдан фахрланаман ва ўзимни Марказий Осиёнинг яқин дўсти деб биламан.
Шу билан бирга, Марказий Осиё Президентларининг Маслаҳатлашув учрашувлари ва "C5" форматини юксак қадрлайман. Бундай мулоқот майдонлари ишончни мустаҳкамлайди, маълумот алмашишни кучайтиради ва иқтисодиёт, экология ва маданият соҳаларида янги лойиҳалар учун замин яратади. Бу бошқалар учун намуна бўла оладиган йўлдир".
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси