Logo

“Q8 Press”: Амир Темур нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тарихида ҳам алоҳида ўрин эгаллаган буюк шахс ҳисобланади

Апрель 11, 2026. 12:30 • 2 дақ

78
“Q8 Press”: Амир Темур нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тарихида ҳам алоҳида ўрин эгаллаган буюк шахс ҳисобланади

АЛ-КУВАЙТ, 11 апрель. /“Дунё” АА/. Қувайтдаги нуфузли “Q8 Press” электрон нашрида Ўзбекистонда буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланаётгани ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда таъкидлашича, ушбу сана муносабати билан мамлакат бўйлаб кенг кўламли маданий ва маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, илмий анжуманлар, кўргазмалар, маънавий-маърифий учрашувлар ҳамда бошқа турли тадбирлар ўтказилиб, уларнинг барчаси Амир Темурнинг бой меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Мақолада ёзилишича, Амир Темур нафақат Ўзбекистон тарихида, балки жаҳон цивилизацияси ривожида ҳам алоҳида ўрин эгаллаган буюк шахс ҳисобланади. Унинг давлатчилик борасидаги ютуқлари, адолатли бошқарув тамойиллари ҳамда ҳарбий санъатдаги юксак маҳорати бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда.

Шунингдек, нашрда Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва меъморчилик соҳаларида юксак тараққиёт кузатилгани алоҳида таъкидланган. Ана шу даврда барпо этилган кўплаб тарихий обидалар ҳозирги кунга қадар сақланиб, жаҳон маданий меросининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилмоқда.

Ушбу юбилей доирасида Ўзбекистонда халқаро миқёсдаги тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда. Уларда турли давлатлардан келган олимлар, тадқиқотчилар ва мутахассислар иштирок этиб, Амир Темур ва Темурийлар даври тарихи ҳамда унинг бой мероси юзасидан фикр алмашмоқда.

Шу билан бирга, мазкур тадбирлар ёш авлодни миллий қадриятлар ва тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида урғу билан қайд этилган.

Материал якунда таъкидланишича, Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини нишонлаш доирасида амалга оширилаётган ушбу кенг қамровли тадбирлар унинг беқиёс меросини халқаро миқёсда янада кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш