Тошкентда Марказий Осиё синологларининг иккинчи форуми бошланди
Июнь 13, 2026. 15:00 • 3 дақ
• 72
ТОШКЕНТ, 13 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (ЖИДУ) Марказий Осиё хитойшунослик (синология) иккинчи форуми бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу нуфузли анжуман 2025 йил май ойида Олмаота шаҳрида бошланган минтақавий экспертлар мулоқотининг мантиқий давоми ҳисобланади. Мазкур ташаббус Марказий Осиё давлатларидаги Хитой бўйича мутахассислар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, академик ва экспертлик шериклигини ривожлантириш, шунингдек, давлат бошқаруви органлари, таҳлилий марказлар ва таълим муассасалари учун амалий тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган.
Тадбир Хитойнинг Евросиё минтақасидаги роли кучайиб бораётган ва “Марказий Осиё – Хитой” формати жадал ривожланаётган бир даврда ўтказилмоқда. Форум иштирокчилари диққат марказида сиёсий ҳамкорлик, транспорт ва иқтисодий боғлиқлик, шунингдек, Хитой ва минтақа давлатлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш масалалари турибди.
Анжуманда хитойшуносликни сиёсий таҳлил, иқтисодий тадқиқотлар ва маданий мулоқотни бирлаштирувчи фанлараро йўналиш сифатида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бўлиб ўтаётган мунозаралар натижалари минтақавий экспертлар тармоғини кенгайтиришга ва хитойшунослик соҳасидаги ҳамкорликни янада институционаллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
“Бир макон, бир йўл” илмий-таълим маркази директори Одил Каукенов “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида минтақада Хитойни ўрганиш бўйича бой тарих мавжудлигига қарамай, узоқ йиллар давомида Марказий Осиё синологлари асосан ташқи илмий майдонларга таянгани ва бир-бирлари билан кўпроқ минтақадан ташқарида учрашганларини қайд этди.
“Бугун вазият тубдан ўзгарди. Минтақада улкан илмий ва экспертлик салоҳияти тўпланди, бунинг шарофати билан Марказий Осиё хитойшунослиги сифат жиҳатидан янги, институционал босқичга қадам қўймоқда. Эндиликда мутахассисларимиз мунтазам равишда тажриба алмашиш ва Хитойни ўрганиш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлдилар”, – дея таъкидлади у.
Экспертнинг фикрича, ушбу форумнинг Тошкентда ўтказилиши минтақадаги шарқшунослик фани ривожи учун алоҳида аҳамиятга эга. У ўз вақтида айнан Ўзбекистон пойтахти Марказий Осиёда шарқшунослик ва хитойшунослик илмий мактаблари шаклланишининг асосий марказларидан бири бўлганини эслатиб ўтди.
Одил Каукенов, шунингдек, иштирокчиларнинг тадбирга бўлган қизиқиши юқори эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, форум минтақанинг етакчи мутахассислари ва тадқиқотчиларини бирлаштирган бўлиб, улар ҳам ялпи мажлисларда, ҳам анжуман доирасидаги учрашувларда энг долзарб масалаларни фаол муҳокама қилмоқдалар.
“Бугунги кун Марказий Осиёдаги бутун хитойшунослик ва шарқшунослик фани учун ҳақиқий тарихий воқеадир. Биз ҳамкасбларимизнинг юқори иштиёқи ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантиришга бўлган кучли интилишини кўриб турибмиз”, – деди эксперт.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси