Ўзбекистон таҳлилий марказлари делегацияси Бельгия Қироллик институти раҳбарияти билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди

Январ 05, 2025. 10:35 • 2 дақ

1213
Ўзбекистон таҳлилий марказлари делегацияси Бельгия Қироллик институти раҳбарияти билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди

БРЮССЕЛЬ, 5 январь. /"Дунё" АА/. Бельгия пойтахтида Ўзбекистон таҳлилий марказлари делегациясининг EGMONT Қироллик институти бош директори Поль де Витт билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон томонидан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ), Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ), давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ), ТИВ ҳузуридаги Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар маркази каби мамлакатнинг етакчи таҳлилий муассасалари вакиллари иштирок этишди.


Учрашув давомида томонлар Марказий Осиё тараққиётининг замонавий динамикаси, минтақанинг ташқи дунё билан алоқалари, шунингдек, "Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи" форматидаги минтақалараро муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.


Шунингдек ўқинг

Хусусан, МОХИ директори Жавлон Ваҳобов Марказий Осиё дунёнинг етакчи давлатлари учун муҳим минтақага айланганини таъкидлади. Бугунги кунда минтақа 10 дан ортиқ "Mарказий Осиё+" форматларида фаол иштирок этиб, 40 га яқин мамлакат ва иккита минтақавий ташкилот билан ҳамкорлик қилаётгани қайд этилди.


Ўз навбатида, бош директор Поль де Витт Марказий Осиёнинг жадал ривожланиши ва унинг глобал майдонда мустақил акторга айланиши шароитида Европа Иттифоқи мазкур минтақа билан ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш зарурлигини қўшимча қилди.


Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Европа таҳлилий тузилмалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш ва икки томонлама ҳамкорликнинг турли жиҳатларини муҳокама қилиш учун мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш