Марказий Осиёда ўзаро ишонч, манфаатдорлик ва жамоавий масъулият тамойилларига асосланган ҳамкорлик модели шаклланмоқда
Май 15, 2026. 10:55 • 3 дақ
• 51ТОШКЕНТ, 15 май. /“Дунё” АА/. Кеча Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Марказий Осиё: минтақавий ривожланишнинг янги парадигмаси” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир ЖИДУ ҳузуридаги Дипломатик академия ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси томонидан ташкил этилди.
Анжуман ишида Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон дипломатик академиялари, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Ашхободдаги минтақавий маркази (МОПДММ) раҳбарлари, Финландия халқаро муносабатлар институти (FIIA), дипломатик корпус, фуқаролик жамияти вакиллари, шунингдек, бир қатор етакчи миллий ва хорижий экспертлар иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларига БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, МОПДММ раҳбари Каха Имнадзе онлайн тарзда мурожаат қилиб, ўз табригини йўллади.
Анжуман доирасида Олий Мажлис сенати раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов, Туркия маданият ва туризм вазири ўринбосари Сердар Чам ва бошқалар сўзга чиқди.
Музокаралар чоғида иштирокчилар минтақа ўз тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичини бошдан кечираётганини, ишонч, ўзаро манфаатдорлик ва жамоавий масъулият тамойилларига асосланган ҳамкорлик моделини босқичма-босқич шакллантираётганини таъкидладилар. Халқаро муносабатларда Марказий Осиёнинг минтақавий субъектлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Минтақа давлатлари нафақат халқаро жараёнлар иштирокчиси, балки минтақавий кун тартибининг мустақил ташаббускори сифатида ҳам тобора дадил қадам ташлаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказиб келинаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам Маслаҳат учрашувлари сиёсий ишончни мустаҳкамлаш ва минтақавий ривожланишнинг асосий масалалари бўйича биргаликдаги ёндашувларни мувофиқлаштиришнинг муҳим механизми эканлиги алоҳида таъкидланди. Иштирокчилар сўнгги йилларда сиёсий мулоқотнинг фаоллашуви савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга, шунингдек, замонавий таҳдид ва хатарларга биргаликда жавоб қайтариш учун янада қулай шароитлар яратишга хизмат қилганини қайд этдилар.
Хавфсизликнинг замонавий тушунчаси иқлим билан боғлиқ хатарлар, энергетика барқарорлиги, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, киберхавфсизлик ва гуманитар барқарорлик масалаларини ўз ичига олиши таъкидланди.
Транспорт ўзаро боғлиқлиги, инфратузилмани ривожлантириш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда Марказий Осиёнинг Евроосиё ўзаро боғлиқлигидаги муҳим макон сифатидаги ролини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган барқарор логистика йўналишларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар гуманитар ҳамкорлик, илмий-маърифий алмашинувлар ва академик мобилликни ривожлантириш минтақавий ҳамкорликнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлашнинг асосий омилларидан бири сифатида муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Шу муносабат билан ЖИДУ ва Дипломатик академиянинг минтақавий академик мулоқотни ривожлантиришга, халқаро муносабатлар соҳасида малакали кадрлар ва янги авлод мутахассисларини тайёрлашга ҳамда замонавий Марказий Осиё ҳамкорлигининг интеллектуал пойдеворини шакллантиришга салмоқли ҳисса қўшаётган етакчи таълим ва эксперт-таҳлил платформалари сифатидаги ўрни алоҳида қайд этилди.
Анжуман якунида бўлиб ўтган фикр алмашинувлар, эксперт баҳолари ва ишлаб чиқилган тавсиялар минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда Марказий Осиёни барқарорлик, изчил тараққиёт ва конструктив халқаро ҳамкорлик макони сифатида илгари суришга муҳим ҳисса бўлиб қўшиши ҳақида якдил фикр билдирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Кўҳна Бухорода Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди





