Logo

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганига 33 йил тўлди

Июль 02, 2025. 16:43 • 3 дақ

82
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганига 33 йил тўлди

ТОШКЕНТ, 2 июль. /"Дунё" АА/. Бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганига 33 йил тўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири

1992 йил 2 июль куни "Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида"ги қонун қабул қилинган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзидир.

Бугун ушбу муқаддас рамзни каттаю кичик бирдек қадрлайди. Унда жонажон Ўзбекистонимизнинг том маънодаги асл тасвирини кўради. Гербимизга ҳар бир ҳамюртимиз алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўлиши мамлакатимизда эзгу қадриятга айланган.

Ҳар бир давлатнинг бу дунёда борлиги, бирлиги, ягоналиги, ўзига хос ва бетакрорлиги унинг тимсолларида, айниқса, гербида намоён бўлади. 

Гербимизда жонажон Ўзбекистонимизнинг фақат ўзигагина хос бўлган белгилар, рамз ва тасвирлар ўз ифодасини топган. 

Ватанимиз герби беназир кўриниши билан ҳар бир фуқаронинг қалбида чексиз ғурур ва ифтихор уйғотади. Унда тоғлар, дарёлар акс этган. Сўл томонидаги буғдой бошоқлари, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. 

Гербнинг юқори қисмида Ўзбекистон Республикаси ҳурлиги рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи – қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида "O'zbekiston" деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Давлат гербининг рангли кўринишида Ҳумо қуши ва дарёлар – кумуш рангда, қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва "O'zbekiston" ёзуви – олтин рангида, ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий – яшил рангда, чаноқлардаги пахта – оқ рангда, лента – Ўзбекистон Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда, саккизбурчак – олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда, ярим ой ва юлдузлар оқ рангда тасвирланган.

"Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида"ги қонунинг 4-моддасига мувофиқ, ЎДавлат гербининг тасвири доимий равишда Ўзбекистон Президенти қароргоҳлари, Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, республика давлат бошқаруви органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Марказий банк, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, судлар, прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари биноларининг олд томонига жойлаштирилган.

Герб тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида, қонунда белгиланган бошқа ҳужжатларда акс эттирилган.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро давлат рамзлари, шу жумладан, Ўзбекистоннинг Давлат гербига ҳурмат билан муносабатда бўлиши қонунчилик билан белгилаб қўйилган. Давлат рамзларига бўлган ҳурмат мамлакатимизда мактабгача таълим масканлари, мактабларданоқ ёш авлод онгига сингдирилади. Бу эса улғайиб келаётган ўғил-қизларда ўзи туғилиб ўсган юрт тақдири учун дахлдорлик, ватанпарварлик, фидойилик, Ватан учун чексиз фахр ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 Мухтасар айтганда, Ўзбекистон фуқароси қайси мамлакатда яшаши ва ишлашидан қатъий назар давлатимиз гербига ҳурмат билан қараши бурчдир.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш