Logo

Абу-Дабида мамлакатимизнинг 34 йиллиги кенг нишонланди

Ноябрь 17, 2025. 11:21 • 2 дақ

74
Абу-Дабида мамлакатимизнинг 34 йиллиги кенг нишонланди

АБУ-ДАБИ, 18 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ва Бош консулхонаси кўмагида Абу-Даби шаҳрида мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 34-йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Байрам тадбирида Энергетика ва инфратузилма вазири Сухайл Мухамад Ал Мазруий, Мусулмон оқсоқоллар кенгаши ва Зайд инсонпарвар биродарлик мукофоти лауреати бош котиби Муҳаммад Абдулсалом, Бирлашган Араб Амирликларининг Ташқи ишлар вазирлиги мутасадди департаменти раҳбарлари, Миллий федерал кенгаши, Адлия вазирлиги вакиллари, Ал Айн университети, "Masdar", "TAQA Water Solutions", "AD Ports", "Metito", "Alfa Star", "Burjeel Holdings", "First Abu Dhabi Bank", "Ghazanfar Group", "IGG" компаниялари раҳбарлари ҳамда дипломатик корпус вакиллари ҳамда турли амирликларда истиқомат қилувчи ватандошларимиз  иштирок этди.

Байрам тадбири бошланиши олдидан Ўзбекистон ва БАА давлатларининг мадҳиялари ижро этилди. Ўзбекистоннинг БААдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аққулов ўз табрик нутқида, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида сўзлаб, мамлакатимизнинг барча соҳаларда босиб ўтаётган тараққиёт йўлини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳар қачонгидан жадал ва самарали ривожланаётганини урғулаб, Ўзбекистон Президентининг жорий йилнинг январь ойида БААга расмий ташрифи кенг қамровли ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиққанини қайд этди.

Бундан ташқари, очилиш нутқида БААда Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши расман ташкил этилганлиги ва 2025 йил ноябрь – 2026 йил март ойларида давом этадиган "Шейх Заид фестивали" маданий тадбирида Ўзбекистоннинг иштироки бошланганлиги эълон қилинди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги кўмагида ташкил этилган концерт дастури байрамона муҳит яратиб, йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.

Тадбир давомида мамлакатимиз туризм салоҳиятини акс эттирувчи видеороликлар тўплами меҳмонхона мониторларида намойиш этилди, туризм ва миллий қадриятларимизни акс эттирган тақдимот материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини намойиш қилган кўргазма уюштирилди. Ўзбек миллий таомлари ташкил этилди.

Шу билан бирга, тадбир иштирокчилари учун лотерея ўтказилиб, ғолибларга "Fly Dubai" ва "Air Arabia" авиакомпаниялари тақдим этган Ўзбекистонга авиачипталар ва тур пакетлар совға қилинди.

Маданий дастурлар мустақиллигимизнинг 34 йиллиги тадбирига ўзгача шукуҳ бахш этди ва ушбу тадбир Бирлашган Араб Амирликларининг оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш