Logo

Афғонистоннинг Мазори-Шариф шаҳрида ўзбек тилининг тарихи ва бугуни эътироф этилди

Ноябрь 01, 2025. 11:28 • 2 дақ

74
Афғонистоннинг Мазори-Шариф шаҳрида ўзбек тилининг тарихи ва бугуни эътироф этилди

МАЗОРИ-ШАРИФ, 1 ноябрь. /"Дунё" АА/. Афғонистоннинг Мазори-Шариф шаҳрида ўзбек тили байрамига бағишланган маданий тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур тадбирда Мазори-Шарифдаги консулхонаси ходимлари, Балх вилояти ахборот ва маданият бошқармаси раҳбарияти, маҳаллий ўзбек зиёлилари, шоир ва ёзувчилар иштирок этди.

Балх вилояти ахборот ва маданият бошқармаси бошлиғи Муҳаммадулло Заррор меҳмонларни байрам билан табриклаб, ўзбек тилининг дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди. Бундай маданий тадбирларнинг ташкил этилиши Афғонистондаги турли миллат ва элат вакилларининг ҳамжиҳатликда яшаётганидан далолат эканини таъкидлади.

Маҳаллий ўзбек зиёлилари – Соли Муҳаммад Росиҳ, Вакилзода Андхўйи ўзбек тилининг тарихи ва бугуни, унинг жамият тараққиётида тутган ўрни, бошқа тиллар билан алоқасини алоҳида эътироф этди. Ўзбек тилининг ривожланишида Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби буюк шахсларнинг ижоди ҳақида сўз юритди.

Ўзбекистоннинг Мазори-Шарифдаги консулхонаси вакили "Давлат тили ҳақида"ги қонунни амалга ошириш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар, ўзбек тилини ривожлантириш ва бу йўналишда кадрлар тайёрлашда Афғонистон билан ҳамкорлик алоқалари хусусида атрофлича маълумот берди.

Шунингдек, иштирокчилар Афғонистонда ўзбек тилини ривожлантириш, хусусан, Мазори-Шарифда ўзбек тили маркази очиш, ёш шоир ва ёзувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг китобларини чоп этиш учун босмахона ташкил этиш ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтдилар.

Тадбир доирасида ташкил этилган Афғонистонда яшовчи ўзбек рассомларининг асарлари, шоир ва ёзувчиларнинг китоблари ҳамда миллий таомлар кўргазмалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш