Японияда Наврўз байрами "Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!" шиори остида кенг тантана қилинди
Апрель 11, 2025. 07:24 • 2 дақ
• 808
ТОКИО, 11 апрель. /"Дунё" АА/. Япония пойтахтидаги "Секию кайкан" маросимлар залида "Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!" шиори остида байрам тадбирлари бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Баҳор айёми шодиёналари мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан "Maison&Nadi" компанияси ва "Япония-Ўзбекистон" жамияти билан биргаликда ташкил этилди.
Унда Канто минтақасидаги ватандошлар, Япония Ташқи ишлар вазирлиги, жамоат ташкилотлари, илмий ва ишбилармон доиралари вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ўзининг қутлов нутқида, йиғилганларни Наврўзи олам билан табриклаб, Наврўзнинг 3000 йилдан ортиқ тарихга эга инсонийлик, бағрикенглик ва фаровонлик байрами эканини таъкидлади. Ушбу айём Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари томонидан ватандошлар иштирокида дунёнинг турли бурчакларида, шу жумладан Японияда ҳам кенг нишонланаётгани қайд этилди. Шунингдек, Наврўз каби байрамлар икки халқ ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаши, ўзбек қадриятларини кенг тарғиб этиш орқали туризм ривожига ҳисса қўшиши таъкидланди.
Дипломат Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар ва ижтимоий тараққиёт Наврўзнинг инсонпарвар ва инклюзив моҳияти билан уйғун эканини алоҳида урғулади.
Тадбир давомида "Япония-Ўзбекистон" жамияти раҳбари Нодира Аминова сакура ва пахтадан тайёрланган ноёб кашта тақдимотини ўтказди.
Байрам тадбирнинг маданий қисмида Ўзбекистоннинг Япониядаги маданият элчиси, таниқли қўшиқчи ва созанда Машу Комазаки дутор ва чанқовузда ўзбек миллий куйларини ижро этди. Японияда фаолият юритаётган "Ўзбегим" рақс ансамбли ва "Чексиз ижод йўли" мактаби ўқувчилари томонидан тақдим ўзбек миллий рақслари ва куй-қўшиқлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир якунида меҳмонлар учун байрам дастурхони ёзилди. Наврўз байрами муносабати билан баҳорий таомларимиздан сумалак тортилди, шунингдек кўксомса, кўк чучвара, миллий ширинликлар улашилди. Дошқозонда байрам оши пиширилди.
Тадбир доирасида ўзбек халқ амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, хусусан, каштачилик, кулолчилик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, гиламчилик, миллий матолар ва тарих ва туризм ҳақидаги китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Таиландда давлат рамзларининг аҳамиятига бағишланган тадбир ташкил этилди
Умра зиёратчилари иштирокида маданий-маърифий тадбир ўтказилди
Италияда янгиланган Ўзбекистон Конституцияси эътироф этилди
Давлат рамзлари – мустақиллик тимсоли, фаровон ҳаёт гарови!
Жанубий Кореяда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун нишонланди