Logo

Германиянинг Леверкузен ва Ганновер шаҳарларида Наврўз байрамининг нишонланиши Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамламоқда

Март 26, 2026. 10:40 • 2 дақ

61
Германиянинг Леверкузен ва Ганновер шаҳарларида Наврўз байрамининг нишонланиши Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамламоқда

ЛЕВЕРКУЗЕН-ГАННОВЕР, 26 март. /“Дунё” АА/. Баҳор, янгиланиш ва эзгулик рамзи бўлган Наврўз байрами Германиянинг Леверкузен ва Ганновер шаҳарларида ҳам нишонланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирлар давомида Ўзбекистон дипломатлари Наврўзнинг мамлакатимизда умуммиллий қадрият сифатида кенг нишонланишини алоҳида таъкидлаб, уни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказишга давлат даражасида эътибор қаратилаётганини қайд этди.

Маданий масканларда Ўзбекистоннинг бой анъаналари ва замонавий тараққиётини акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этилди. Миллий ҳунармандчилик буюмлари, амалий санъат намуналари ҳамда туристик салоҳиятни намоён этувчи материаллар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Байрам дастуридан миллий ўйинлар ҳам ўрин олди. Жумладан, “Ким олади-ё, шугинани-ё”, “Арқон тортиш” каби умумхалқ ўйинлари бўлиб ўтди. Ушбу беллашувлар болаларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбирларда Германиянинг олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар, турли соҳаларда фаолият юритаётган юртдошларимиз ҳамда немис жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.

Болалар учун ташкил этилган миллий ўйинлар ва ижодий машғулотлар хорижда вояга етаётган ёш авлодда миллий қадриятларга ҳурмат ва меҳрни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Шунингдек, тадбирларда палов, сомса ва турли ширинликлар тақдим этилди, ўзбек миллий таомлари ва меҳмондўстлик анъаналари намойиш этилди.

Турли шаҳарларда ўтказилган Наврўз сайиллари нафақат байрамона кайфият улашди, балки Ўзбекистоннинг бой маданий меросини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этиб, ватандошлар ўртасида ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш