АҚШнинг Ғарбий соҳилида ватандошлар учун янги имкониятлар яратилмоқда
Март 25, 2026. 15:05 • 2 дақ
• 76
РЭНТОН, 24 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ҳамда “Ўзбек маҳалласи” жамияти ҳамкорлигида Наврўз ва Рамазон ҳайити умумхалқ байрамлари муносабати билан ватандошлар иштирокида маданий тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
АҚШнинг Рэнтон шаҳрида бўлиб ўтган мазкур тадбир нафақат байрамона руҳда ўтди, балки ватандошларни бирлаштирган муҳим мулоқот майдонига айланди. Иштирокчилар АҚШнинг Ғарбий соҳилида Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси очилганини юксак мамнуният билан кутиб олганини билдирди.
Учрашув доирасида қатор суҳбатлар ташкил этилди. АҚШдаги юртдошлар ушбу дипломатик ваколатхона фаолияти йўлга қўйилиши нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки бутун Марказий Осиё давлатлари вакиллари учун ҳам аҳамиятли воқеа эканини алоҳида таъкидлади.
“Ўзбек маҳалласи” жамияти фаол аъзолари мазкур ваколатхона очилишини катта мамнуният билан қарши олганини билдириб, бу ҳолат хориждаги ватандошларга қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин ифодаси эканини қайд этди.
Тадбир иштирокчилари эндиликда консуллик хизматларидан фойдаланиш имкониятлари анча қулай бўлганидан мамнун эканини билдиришди. Шунингдек, ушбу консуллик келгусида ватандошлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Тошкент–Сиэтл йўналиши бўйича янги авиақатновларни йўлга қўйиш учун имконият яратишини таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси