Минскда Наврўз айёми: дўстлик ва анъаналар уйғунлиги
Март 25, 2026. 18:29 • 2 дақ
• 89
МИНСК, 25 март. /“Дунё” АА/. Беларусь миллий техника университетида “Наврўз – баҳор айёми” шиори остида фестиваль ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда мазкур таълим муассасасида таҳсил олаётган талабалар, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам иштирок этди.
Фестивалда юртдошларимиз билан бир қаторда турли давлатлардан келган хорижлик талабалар ҳам қатнашди. Айни пайтда Беларусь миллий техника университетида 2025/2026 ўқув йилида юз нафардан ортиқ ўзбекистонлик талабалар қўшма таълим дастурлари доирасида таҳсил олмоқда.
Фестивалда сўзга чиққанлар яшариш ва янгиланиш рамзи бўлган Наврўз байрамининг нишонланиш тарихи ҳамда унинг турли халқлар ижтимоий-маънавий ҳаётидаги ўрни ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, байрам доирасида иштирокчилар ўртасида спорт ва пазандачилик мусобақалари ташкил этилди. Мини-футбол бўйича турнир ўтказилиб, унда турли жамоалар ғолиблик учун беллашди.
Махсус ажратилган ҳудудда ошпазлик мусобақаси ҳам бўлиб ўтди. Унда чет эллик талабалар анъанавий рецептлар асосида палов тайёрлашди. “Энг мазали палов” номинациясида ўзбекистонлик талабалар ғолиб деб топилди.
Тадбир давомида ўзбекистонлик ва хорижлик талабалар сўзга чиқиб, барчани байрам билан табриклаб, Наврўзга хос маданият ва анъаналарни намойиш этди. Томошабинлар ўзбек урф-одатлари, миллий мусиқа ва рақс ҳамда гастрономия билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси