Logo

Берлин марказида ўзбек карнай-сурнайлари янгради

Март 27, 2026. 09:19 • 2 дақ

92
Берлин марказида ўзбек карнай-сурнайлари янгради

БЕРЛИН, 27 март. /“Дунё” АА/. Германия пойтахти марказида Наврўз айёми муносабати билан халқаро фестиваль бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу тадбир турли миллат ва маданият вакилларини бирлаштирган йирик маданий платформага айланди. Унда ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилган Наврўзнинг умуминсоний аҳамияти кенг намойиш этилди.

Ўзбекистоннинг бой маданияти ва санъати “San’at – Forum für Kunst, Kultur und Wissenschaft e.V.” жамияти томонидан маҳорат билан тақдим этилди. Тадбирнинг очилиш маросимида янграган миллий карнай-сурнай садолари немис жамоатчилиги ва сайёҳларни ўзига мафтун этди.

Фестиваль доирасида Ўзбекистон давлат филармонияси ҳузуридаги “Миллий мерос” жамоаси санъаткорларининг чиқишлари ҳамда таниқли раққоса Малика Ҳайдарова томонидан ўтказилган Фарғона услубидаги ўзбек рақси маҳорат дарслари томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Шунингдек ўқинг

Байрам дастуридан жой олган интерфаол машғулотлар – варрак ясаш, жамалак ўраш ва гулчамбар тўқиш каби ўзбек миллий анъаналари болалар ва катталарда катта таассурот қолдирди.

“Асосий мақсадимиз Ўзбекистоннинг бой маданияти ва санъатини дунё саҳнасига олиб чиқиш. “Берлин саройи”да янграган ўзбек наволари барчанинг қалбини ларзага келтирди. Кўпчилик меҳмонлар миллий кийимлар ва урф-одатларимиздан ҳайратда эканини билдириб, тез орада юртимизни бориб кўриш истагини билдирди. Бу каби тадбирлар Ўзбекистонни глобал миқёсда танитишда кенг имкониятдир”, дейди фестиваль ташкилотчиси, “San’at – Forum” жамияти раҳбари Зуҳра Раҳматова.

Тадбир меҳмонлари ўзбек миллий таомлари, мусиқаси ва меҳмондорчилик анъаналари орқали юртимизнинг тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини ҳис қилди. Энг муҳими, Наврўз тантаналари Германия жамоатчилиги билан маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш