БМТда Марказий Осиё давлатлари вакиллари ҳамжиҳатликда Наврўз айёмини нишонлади
Март 26, 2026. 17:13 • 2 дақ
• 155
НЬЮ-ЙОРК, 26 март. /“Дунё” АА/. БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг ташкилот ҳузуридаги доимий ваколатхоналари ҳамкорлигида Наврўз байрамига бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур маданий-маърифий учрашувда БМТга аъзо давлатлар, Котибият, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари ҳамда ватандошлар иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов Наврўз байрамининг Марказий Осиё халқларини бирлаштирувчи ўрни, умумий маданий ва тарихий анъаналарни акс эттириши, дўстлик, ўзаро англашув ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидлади.
Шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг БМТдаги доимий вакиллари ҳам табрик сўзлари билан чиқиш қилиб, Наврўз тинчлик, яхши қўшничилик ва барқарор тараққиёт рамзи эканини қайд этди.
Меҳмонларга Марказий Осиё миллий ошхонасининг анъанавий таомлари тақдим этилди.
Иштирокчилар ушбу тадбир сўнгги йилларда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани, мамлакатлар ўртасида турли соҳалардаги алоқалар изчил кенгайиб бораётганининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси