Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Наврўз кенг нишонланди
Март 26, 2026. 19:22 • 2 дақ
• 116
ТОШКЕНТ, 27 март. /"Дунё" АА/. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида умумхалқ байрами - Наврўзи олам муносабати билан “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбирда Озарбайжон, Туркманистон, Қирғизистон ва Туркия давлатларининг фавқулодда ва мухтор элчилари, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда меҳмонлар иштирок этди.
Байрам дастури тантанали очилиш маросими билан бошланиб, давлат мадҳияси ижроси янгради. Шундан сўнг университет ректори Содиқ Сафоев иштирокчиларни табриклаб, Наврўзнинг халқларни бирлаштирувчи, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи аҳамиятини таъкидлади.
Тадбир давомида турли мамлакатларнинг бой маданий меросини акс эттирувчи чиқишлар намойиш этилди. Хусусан, Озарбайжоннинг “Кос-коса” халқ ўйини, Туркманистон миллий қўшиқлари, Қозоғистоннинг домбра куйлари, Тожикистоннинг “Гул сайли” анъаналари ва миллий рақслари, Қирғизистоннинг кўчманчи маданиятига оид чиқишлар ҳамда Туркиянинг “Невруз” маросимлари саҳналаштирилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон миллий лапарлари ва жонли ижролари тадбирга алоҳида руҳ бағишлади.
Якуний қисмида университет ҳудудида байрам сайли ташкил этилиб, меҳмонларга миллий таомлар, маданий кўргазмалар ва интерактив дастурлар тақдим этилди.
Тадбир Наврўзнинг асосий ғоялари - дўстлик, ҳамжиҳатлик, маданий хилма-хиллик ва ўзаро ҳурматни яна бир бор намоён этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси