Ҳиндистонда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган брифинг бўлиб ўтди
Январ 14, 2025. 16:01 • 3 дақ
• 133
ДEҲЛИ, 14 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Ҳиндистон Миллий мудофаа коллежида (ММК) мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган брифинг ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Ҳиндистон олий таълим муассасаси раҳбарияти, профессор ва ўқитувчилари ҳамда ММК Стратегик курсида малака ошираётган 20 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур курсларда Ҳиндистон ҳарбий бўлинмаларининг барча турлари, шунингдек, Осиё, Европа ва Америка қитъаларидаги ҳамкор давлатлар мутахассислари, ҳарбий-саноат корхоналари раҳбарлари, Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари, бошқа идораларнинг юқори мартабали ходимлари иштирок этади.
Брифинг аввалида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, сармоявий, экспорт ва туризм салоҳиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Элчи Сардор Рустамбоев Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик сўнгги йилларда жадал ривожланиб бораётгани ҳақида сўз юритди. Ҳарбий соҳадаги алоқалар юқори даражага кўтарилгани алоҳида таъкидланди. Қўшма машғулотлар ва тренинглар ўтказиш, жанговар тайёргарлик, ҳарбий таълим, ҳарбий тиббиёт, шунингдек, ахборот технологиялари йўналишидаги шериклик ўзаро муносабатларни мазмунан бойитишга хизмат қилмоқда.
Тадбир доирасида ММКда таълим олаётган ўзбекистонлик тингловчилар томонидан мамлакатимиз Қуролли Кучлари тарихининг асосий босқичлари ҳақида тақдимот ўтказилди. Давлатимиз раҳбариятининг юксак профессионал Қуролли Кучларни шакллантиришга қаратаётган алоҳида эътибори таъкидланди. Ҳарбий-профессионал фаолият учун яратилган замонавий шароитлар, Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг ҳарбий соҳадаги ўзаро ҳамкорлиги изчил ривожланаётгани ҳақидаги маълумотлар катта қизиқиш билан кутиб олинди.
ММК раҳбарияти ва тингловчилар эътиборига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг замонавий тараққиётига бағишланган видеоролик тақдим этилди.
- Брифинг жуда мазмунли бўлди, - дейди ММК тингловчиси, полковник Тҳаммарат Онгралакон (Таиланд). – Ўзбекистон Қуролли Кучларининг юксак салоҳияти, уларнинг жанговар қудрати мустаҳкамланаётгани билан яқиндан танишишга муваффақ бўлдик. Ўзбекистон ва Таиланд армиялари ўртасидаги ҳамкорлик янада ривожланишига ишончимиз комил.
- Бугун турли давлатларнинг вакиллари бўлган ҳамкасбларимизга Ўзбекистон Қуролли Кучларининг тарихи ва замонавий фаолияти ҳақида сўзлаб бердик, - дейди Ҳиндистон Мудофаа коллежи тингловчиси, полковник Азамат Бозоров. – Тақдимот уларда катта қизиқиш уйғотди ва биз уларни қизиқтирган саволларга жавоб бердик. Мен фурсатдан фойдаланиб барча юртдошларимизни бугунги байрам билан самимий муборакбод этаман!
Ҳиндистон Миллий мудофаа коллежи раҳбарияти брифинг юқори даражада ташкил этилгани, бундай тадбир ушбу олий ҳарбий таълим муассасасида илк бор ўтказилганини қайд этди. Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда янгидан янги учрашувлар ва маросимлар уюштириш яхши анъанага айланишига ишонч билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




