Ўзбекистоннинг радикаллашувни олдини олиш борасидаги тажрибаси GCERF директорлар кенгаши йиғилишида юқори баҳоланди
Июнь 03, 2026. 21:30 • 3 дақ
• 57
ТОШКЕНТ, 3 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори ўринбосари Бахтиёр Мустафоев 2–3 июнь кунлари Женевада бўлиб ўтган Глобал ҳамкорлик ва барқарорлик жамғармаси (GCERF) Директорлар кенгашининг 24-йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда GCERF директорлар кенгаши ва ҳамкорлик тармоғи таркибига кирувчи 40 дан ортиқ давлатнинг юқори мартабали вакиллари жам бўлди. Йиғилиш диққат марказида Фонд дастурлари самарадорлигини ошириш ҳамда унинг келгуси фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаб олиш масалалари бўлди.
Тадбирнинг алоҳида сессияси Марказий Осиёда хавф-хатарлар эволюцияси ва барқарорлик омилларини таҳлил қилишга бағишланди. Мунозарага Бахтиёр Мустафаев модераторлик қилди. Иштирокчилар ижтимоий соҳага тобора кўпроқ таъсир кўрсатаётган ва комплекс превентив ёндашувларни ишлаб чиқишни талаб этаётган замонавий таҳдидлар характеридаги ўзгаришларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Минтақа давлатлари миграция йўналишларининг ўзгариши, шунингдек, экстремистик мафкураларнинг рақамли платформалар орқали тарқалиши билан боғлиқ янги муаммоларга дуч келаётгани таъкидланди. Бундай шароитда ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш ва радикаллашувнинг олдини олишга қаратилган профилактика ишлари алоҳида долзарблик касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги тажрибаси иштирокчиларнинг алоҳида қизиқишига сабаб бўлди. Директорлар кенгаши аъзолари мамлакатда заифлик омилларини камайтириш ва хавф гуруҳига кирувчи шахсларни мақсадли қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар тизимини юқори баҳолади.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда репатриантларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар эътироф этилди. Экспертларнинг таъкидлашича, ушбу ёндашув энг муваффақиятли минтақавий тажрибалар сирасига киради ва халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Шунингдек, радикаллашувнинг олдини олиш соҳасида СМТИ ва GCERF ўртасидаги ҳамкорлик натижаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бахтиёр Мустафаевнинг таъкидлашича, 2024 йилда томонлар ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланганидан буён кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми шакллантирилди, Ўзбекистон учун GCERF инвестиция стратегияси ишлаб чиқилди, маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари лойиҳаларини молиялаштириш бошланди.
Ҳозирги кунда Фонд кўмагида “Барқарор ҳаёт” ва “Истиқболли авлод” ННТлари ва Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг ташаббуслари амалга оширилмоқда. Уларнинг фаолияти маҳаллий ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш, ижтимоий хавф остидаги оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар салоҳиятини ривожлантириш ва рақамли саводхонликни оширишга қаратилган.
Болаларни ривожлантириш марказлари ва спорт майдончалари ташкил этилгани, “Касбга илк қадам” ва “Ҳуқуқий клиника” лабораториялари ҳамда кичик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари ишга туширилгани бу борадаги ишларнинг амалий натижаси бўлди.
Ёшларда танқидий фикрлаш ва ахборотни масъулият билан истеъмол қилиш кўникмаларини ривожлантириш учун Медиа марказ ташкил этишни назарда тутувчи “Youth Digital Resilience” ташаббусига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сессия якунларига кўра, иштирокчилар Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлаб, радикаллашувнинг олдини олиш, ижтимоий интеграция ҳамда маҳаллий ҳамжамиятлар барқарорлигини мустаҳкамлаш соҳаларида қўшма ташаббусларни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Венада Австрия Федерал канцлери билан учрашди

ЖИДУ ва Швециянинг Лунд университети ўртасида стратегик академик ҳамкорликка старт берилди


