Марказий Осиё экологик фаолияти самарадорлигининг минтақавий шарҳи бўйича Самарқанд баёноти имзоланди
Июнь 03, 2026. 19:55 • 3 дақ
• 51
САМАРҚАНД, 3 июнь. /“Дунё” АА/. “Silk Road Samarkand” кўргазмалар мажмуасида “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси доирасида “Марказий Осиё экологик фаолияти самарадорлигининг минтақавий шарҳи: тематик қамровни тасдиқлаш ва операцион босқични бошлаш” мавзусида юқори даражадаги тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (UNECE) ва Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир Марказий Осиё экологик фаолияти самарадорлигининг минтақавий шарҳи (Regional EPR)нинг операцион босқичини бошлашга бағишланди.
Тадбирни Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов кириш сўзи билан очиб берди. У минтақада экологик хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, яшил технологияларни жорий этиш ва барқарор молиялаштириш механизмларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, Марказий Осиё ишонч, илмий ҳамкорлик ва минтақанинг барқарор келажаги учун умумий масъулиятга асосланган экологик ҳамкорликнинг янги архитектурасини шакллантирмоқда. Ушбу мақсадларга эришиш учун мамлакатларга нафақат сиёсий мулоқот, балки ягона таҳлилий база, экологик мониторинг, яшил молиялаштиришни ривожлантириш ва қўшма иқлим ташаббусларини амалга ошириш бўйича келишилган ёндашувлар ҳам зарур.
Шунингдек, Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нисанбаев ва Тожикистон Ҳукумати ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Баҳодур Шерализода ҳам баёнот берди.
UNECE Атроф-муҳит ва ўрмон хўжалиги бўлими директори Паола Деда минтақавий шарҳнинг экологик бошқарувни мустаҳкамлаш, мувофиқлаштириш ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида натижага йўналтирилган ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий механизми сифатидаги аҳамиятини таъкидлади.
Иштирокчилар минтақа мамлакатлари иқлим ўзгариши, сув ресурслари тақчиллиги, ҳаво ифлосланиши, ер деградацияси, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва аҳоли саломатлиги учун ортиб бораётган хавф-хатарлар каби умумий экологик муаммоларга дуч келаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан келишилган ёндашувлар ва мувофиқлаштирилган минтақавий ечимларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир давомида минтақавий шарҳнинг асосий мавзули йўналишлари, жумладан, иқлим, ҳаво сифати ва жамоат саломатлиги, қишлоқ хўжалиги, экотизимлар ва энергетика барқарорлиги учун сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, биохилма-хиллик ва экотизимлар, шунингдек, чиқиндилар ва кимёвий моддаларни бошқариш масалалари тақдим этилди.
Яшил молиялаштириш, экологик мониторинг, стандартларни уйғунлаштириш, экологик маълумотлардан фойдаланиш, табиий офатлар хавфини камайтириш ва институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби соҳалараро масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
UNECE вакили Анжела Сочирка 2026–2028 йилларда амалга ошириладиган ва таҳлилий ишлар, миллий маслаҳатлашувлар ҳамда минтақавий мулоқот жараёнларини ўз ичига олган минтақавий шарҳни амалга оширишнинг кейинги босқичларини тақдим этди. Якуний тавсиялар 2028 йилда бўлиб ўтадиган “Европа учун атроф-муҳит” ўнинчи вазирлар конференциясида тақдим этилиши режалаштирилган.
Тадбир якунида минтақа мамлакатларининг қўшма экологик ҳаракатларга ва минтақавий ташаббусларни амалга оширишга сиёсий содиқлигини тасдиқловчи Марказий Осиё экологик фаолияти самарадорлигининг минтақавий шарҳи бўйича Самарқанд баёнотини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




