Logo

Малайзияда байроқ қабул қилинган кун муносабати билан тадбир ўтказилди

Ноябрь 18, 2025. 16:14 • 2 дақ

56
Малайзияда байроқ қабул қилинган кун муносабати билан тадбир ўтказилди

КУАЛА-ЛИМПУР, 18 ноябрь. /"Дунё" АА/. 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида "Муқаддасдир Ватан байроғи!" мавзусида тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу маданий-маъривий тадбирда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Элчихонаси дипломатлари, ҳозирда бу ерда малака ошириш курсларида таҳсил олаётган Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси вакиллари ҳамда бир гуруҳ ватандошлар иштирок этди.

Байроқ азалдан юртимиз суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсол бўлиб келган. Тадбирда сўзга чиққанлар ушбу муқаддас тимсол ҳақида ўз ҳис-туйғуларини баён этишди. 

"Мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги нуфузи тобора ошиб, маданият, спорт, илм-фан каби соҳаларида катта ғалабаларга эришилмоқда. Бунга давлат байроғимизнинг жаҳон узра баланд кўтарилаётганида яна бир бор амин бўлаяпмиз. Байроқнинг қанчалар муқаддас тимсол экани, айниқса, киши ўзга юртда бўлганида, янада сезилар экан. Биз буни бугун жамоамиз билан юракдан ҳис этмоқдамиз", – дейди Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ирода Юлдашева. 

 Тадбир давомида халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрат ва шижоати, аждодлар ёди ва миллат ғурури мужассам бўлган байроғимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уни доимо асраб-аввайлаш лозимлиги таъкидланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш