Малайзияда “Бир ватан, бир эл, бир байроқ” шиори остида учрашув ўтказилди

Ноябрь 27, 2026. 09:00 • 2 дақ

• 74
Малайзияда “Бир ватан, бир эл, бир байроқ” шиори остида учрашув ўтказилди
Малайзияда “Бир ватан, бир эл, бир байроқ” шиори остида учрашув ўтказилди
Малайзияда “Бир ватан, бир эл, бир байроқ” шиори остида учрашув ўтказилди
Малайзияда “Бир ватан, бир эл, бир байроқ” шиори остида учрашув ўтказилди

КУАЛА-ЛУМПУР, 27 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон давлат байроғи ва Конституцияси қабул қилинган кунлар муносабати билан “Бир ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Малайзия олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳамюртларимиз ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Куала-Лумпур шаҳридаги мувофиқлаштирувчилари қатнашди.

Учрашув давомида иштирокчиларга давлат байроғи ва Асосий қонуннинг яратилиш тарихи, уларнинг мамлакат суверенитети, миллий мустақиллиги ва халқимизнинг миллий ўзлигини ифода этишдаги ўрни ҳамда аҳамияти ҳақида маълумот берилди.

Янгиланган Қомусимизнинг асосий мазмун-моҳияти, хусусан, “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида инсон ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқ ва манфаатлари олий қадрият сифатида мустаҳкамлангани алоҳида таъкидланди.

Интерактив мулоқот шаклида ўтган тадбирда Малайзияда истиқомат қилаётган ва таҳсил олаётган ёш ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда келгуси йилда маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ёшларнинг таклиф ва ғоялари тингланиб, уларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Малайзиядаги вакили Фарҳод Охунов ташкилотнинг асосий вазифалари ҳақида тўхталиб, хориждаги ёш юртдошларни бирлаштириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва зарур консультатив ёрдам кўрсатиш ассоциация фаолиятининг устувор йўналишларидан эканини қайд этди.

Учрашувда элчихона томонидан хориждаги ватандошлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, уларнинг мурожаат ва муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этишга доимий эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Малайзияга ўқиш ва ишлаш мақсадида келган ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш