Германия нашри: Самарқанд марафони яшил қадриятларни тарғиб этувчи майдонга айланди
Ноябрь 26, 2026. 21:00 • 2 дақ
• 14
ФРАНКФУРТ-МАЙН, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг “Ad-hoc-news” янгиликлар порталида “Регистон Самарқанд марафонининг старт майдончасига айланди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада 7-8 ноябрь кунлари Самарқандда “Samarkand Marathon Series” югуриш мусобақалари бўлиб ўтгани ҳақида сўз юритилган. Старт ва финиш зоналари Регистон майдонида жойлашган бўлиб, масофалар шаҳaрнинг тарихий қисми бўйлаб ўтгани маълум қилинган.
Биринчи куни 2 ва 5 километр масофаларга югуриш, скандинавча юриш, инклюзив югуриш ҳамда болалар учун мусобақалар ташкил этилди. Иккинчи куни эса иштирокчилар 42,2 километрлик марафон, ярим марафон ва 10 километрлик масофаларни забт этди, деб хабар қилган нашр.
Нашрнинг маълум қилишича, мусобақада иштирок этиш учун 63 та давлатдан 1500 дан ортиқ киши рўйхатдан ўтган. Ўзбекистон Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, дастурдан, шунингдек, “Samarkand Marathon Expo” кўргазмаси, тематик муҳокамалар, тонгги сайрлар ва кечки концерт ўрин олган.
Мақолада пластикдан фойдаланишни камайтириш, чиқиндиларни саралаб йиғиш ва қайта ишлашга қаратилган “Аввалгидан тозароқ” экологик ташаббуси, шунингдек, югуришни чиқинди йиғиш билан уйғунлаштирган плоггинг ҳақида алоҳида сўз юритилган. Тадбирнинг хайрия қисмида тўпланган маблағлар марафон серияси ўтказиладиган ҳудудларда болалар спорт майдончаларини қуришга йўналтирилиши режалаштирилган.
Мақолада Самарқанд 2001 йилдан буён ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани, Регистон майдони эса Улуғбек, Шердор ва Тиллакори каби учта мадрасадан иборат меъморий ансамбль экани эслатиб ўтилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси