Logo

Варшавада Ўзбекистон байроғи қабул қилинган сана муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

Ноябрь 19, 2024. 20:25 • 2 дақ

1026
Варшавада Ўзбекистон байроғи қабул қилинган сана муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

ВАРШАВА, 19 ноябрь. /"Дунё" АА/. Юртимизнинг  Польшадаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Варшава шаҳридаги Вистула университетида ўтказилган тадбирда илмий доира вакиллари, Ўзбекистон, Қирғизистон, Польша ва Беларусдан келиб таҳсил олаётган талабалар  ва бошқалар иштирок этди.


Конференциянинг асосий мавзуси Ўзбекистоннинг бой маданияти ва тарихи, шунингдек, давлат рамзларининг миллий ўзликни англаш ва халқаро майдонда республика имижини мустаҳкамлашдаги аҳамияти бўлди.


 Анжуманда сўзга чиққан Польша олимлари ўз тадқиқотлари ва Ўзбекистон билан боғлиқ шахсий тажрибалари билан ўртоқлашиб, ўзбек маданияти ҳақидаги фикрларини билдиришди.


Тадбирнинг ўзига хос жиҳатларидан бири хорижий талабаларнинг ўзбек тилида ўзбек шоирлари ва ёзувчиларининг шеърлари ҳамда асарларини ўқиб беришлари бўлди. Бу уларнинг Ўзбекистон маданиятига бўлган қизиқиши ва ҳурматини янада ёрқин намоён қилди.


 Шунингдек, Ўзбекистон байроғи тарихи, унинг миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги аҳамияти ҳақидаги батафсил сўзлаб берилди.  Тадбир доирасида Ўзбекистон миллий нақшлари, гиламлари, идишлари, анъанавий либослари, таомлари ва фотосуратлари намойиш этилган кўргазма ташкил этилди.


Иштирокчилар бундай тадбирлар халқлар ўртасида мулоқотни ривожлантириш, маданий меросни кенг оммага танитиш ва янги ҳамкорлик йўналишларини  белгилаб олишда ҳисса қўшишини таъкидладилар.


Тадбир якунида биргаликда маданий тадбирлар ва таълимга оид қўшма дастурларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш